English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
QR-код — шаффоф иқтисодиёт сари қадам
20:51 / 2026-02-13

Жорий йилнинг 27 январь куни Президент ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодий жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш, бюджет тушумларини ошириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Жиззах вилоятида рақамли назорат механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 11 минг 98 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда. Олиб борилган тушунтириш ва амалий кўмак ишлари натижасида уларнинг 9 минг 998 нафари ягона QR-кодли тўлов тизимига уланди. Яқинда яна 109 нафар тадбиркор мазкур платформа орқали иш бошлади. Қолган субъектлар билан ҳам босқичма-босқич ишлар давом эттирилмоқда.

— QR-кодли тизим — бу шунчаки тўлов усули эмас, балки иқтисодий интизом ва адолатли рақобатни таъминлаш воситаси бўлиб, тадбиркор ва истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китобни тўлиқ рақамлаштиради. Бу эса ҳар бир операциянинг очиқ ва назоратда бўлишини таъминлайди, — дейди  Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоилов. — Энг муҳими, тадбиркорнинг ўзи ҳам ўз айланмасини аниқ кўради, ҳисоб-китобда хато ва тушунмовчиликлар камаяди. Натижада бюджет тушумлари ошади, “соя”даги айланма қисқаради.

[gallery-27655]

Шу кунларда солиқ органлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси томонидан “Кўк сарой” ихтисослашган савдо комплексида ўрганиш ишлари ўтказилди. Текширувлар давомида айрим тадбиркорлар QR-кодли тизимдан тўлиқ фойдаланмаётгани, айрим нақд савдолар платформада акс эттирилмагани маълум бўлди. Тушунтириш ишларидан сўнг камчиликлар жойида бартараф этилди.

— Бизнинг мақсадимиз жазолаш эмас, аввало огоҳлантириш ва кўмак бериш, — дея қўшимча қилади бошқарма бошлиғи. — Норасмий иш ўринларини легаллаштириш, онлайн-НКТ чекларини бериш, ходимларни расмийлаштириш — булар тадбиркорнинг ўзи учун ҳам манфаатли. Қонуний фаолият юритган субъект ҳар қандай текширувдан қўрқмайди.

Ўрганишлар давомида айрим ҳолларда ёлланма ходимларни расмийлаштирмаслик, солиқ ҳисоботларида улар сонини тўлиқ кўрсатмаслик каби ҳолатлар ҳам қайд этилди. Мутахассислар томонидан бу борада амалий тавсиялар берилди.

Таъкидлаш жоиз, яширин иқтисодиётга қарши курашиш — бу фақат назорат эмас, балки барқарор иқтисодий муҳитни шакллантириш масаласидир. QR-кодли тўлов тизимининг 90 фоиздан ортиқ жорий этилгани эса Жиззахда рақамли иқтисодиётга ўтиш изчил ва қатъий йўлга қўйилганини кўрсатмоқда.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари