Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон бизнес вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда соҳа масъуллари ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Даставвал Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов палатанинг янги миссияси – ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали Ўзбекистон иқтисодий ўсишига кўмаклашиш миссиясини тақдимот қилди.
– Бизнинг янги миссиямиз – ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва палата аъзоларининг фаоллигини ошириш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшишдир, – деди Д.Ваҳобов. – Савдо-саноат палатаси ҳузурида энг илғор халқаро тажрибалар асосида тармоқ қўмиталарини ташкил этиш орқали тадбиркорлар билан мулоқотлар олиб борилади. Уларнинг бизнеси учун хизмат турларини кенгайтириб, янада яхшироқ хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Ҳудудларда палатанинг мослашувчан ташкилий тузилмаси ва хусусий секторнинг «қийматини ошириш»га алоҳида эътибор қаратилади.
[gallery-7114]
Таъкидлаш жоизки, янгиланишларни муҳокама қилишнинг ўзига хос интерактив формати ўз натижасини бермоқда. Аввал ўтказилган бу каби ўзаро мулоқотда ССП мамлакатнинг 100 та энг йирик экспортёри ўртасида сўров ўтказган эди. Унга кўра, иштирокчиларнинг 90 фоизи қўшимча қиймат солиғини қайтарилмаслик бизнес ва умуман иқтисодиётнинг фаол ривожланишига салбий таъсир ўтказади, деб ҳисоблаган.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги вакиллари ҚҚСни қайтариш бўйича мавжуд муаммолар ва ечимлар ҳақида маъруза қилди.
– Бугун тадбирда қўшимча қиймат солиғини қайтариш масаласи муҳокама этилди. Албатта, бу долзарб мавзу. Долзарб бўлгани учун тадбиркорлар жуда кўп муносабат билдиряпти. Айрим тадбиркорлар қонунчиликни яхши билмагани учун Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари бу масалани тушунтириб берди. Шунингдек, тизимли муаммоларни ҳал этишга ҳам эътибор қаратилди. Давлат солиқ қўмитаси ҚҚСни пилот режимида ишлатяпти. ҚҚСни амалиётга татбиқ этиш учун нима қилиш керак, деган саволга тадбиркорларнинг ўзлари таклифлар беряпти. Аслида, ҚҚС бўйича ислоҳотларни 2019 йилдан бошладик. Бунда кўп жараёнлар автоматлаштириш билан боғлиқ бўлгани учун сотувчилар томонидан саволлар туғиляпти. Бугунги тадбир иштирокчилари ҚҚСни нима учун татбиқ этиш кераклигини тушуняпти, лекин ана шу тарғибот ишларини олдинроқ бошлаганимизда бундай саволлар туғилмас эди, – деди молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА