Жорий йилнинг 20 декабрь санасида Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига мурожаатининг гувоҳи бўлдик. Президент иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши, ички имкониятлар тўлиқ сафарбар қилиниши ва хусусий сектор янада қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилажагини, жумладан, 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши эълон қилинди. Натижада тадбиркорлар йилига камида 14 триллион сўм маблағни эркин тасарруф этиш имкониятига эга бўлиши прогноз қилинди.
Барчамизга маълумки 2020 йилга қадар ҚҚС 20 фоизни ташкил этар ва бу ўз навбатида тадбиркорликнинг ривожланишини бирмунча қийинлаштирган эди. Давлат раҳбарининг юритаётган оқилона сиёсати туфайли 20 фоиз солиқ юки 2020 йилда 15 фоизга, 2023 йилдан эса 12 фоизга туширилмоқда. Бу албатта кичик ва ўрта бизнеснинг сафи кенгайишига, мавжудларинг яна-да ривожланишига замин яратади.
Тадбиркорларнинг солиқ юки камайиши улар кўрсатадиган хизмат ва савдо турларининг нарх-навоси пасайиши мумкинлигини билдиради. Демак, ушбу ислоҳот қайсидир даражада инфляция ошиб кетишини камайтиришга хизмат қилади дейиш мумкин.
Бунга мисол сифатида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати мураккаб геосиёсий вазият фонида 2021 йилдаги 7,4 фоиздан 2022 йилда 5,7 фоизгача пасайиши прогозини айта оламиз. Шунингдек, иқтисодиётимизнинг ўсиш суръати 2023 йилда 5,3 фоиз атрофида, 2024 йилда 5,6 фоиз, 2025 йилда эса 6,0 фоиз миқдорида бўлиши прогноз қилинаётгани ҳам бунга яққол мисолдир.
Шундай экан, солиқ ставкаларининг туширилиши нафақат тадбиркорларнинг фойдасига хизмат қилади, балки том маънода халқнинг хам фойдаси десак, муболаға бўлмайди.
Айгул ПEРНEБEКОВА,
«Адолат» СДП Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши раиси