“El.kz” агентлигининг хабарига кўра, бугун – 1 май Қозоғистонда халқларнинг бирлиги куни нишонланмоқда. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев шу муносабат билан мамлакат фуқароларини қутлаб, “байрам юртимиздаги аҳиллик ва тотувликни ўзида мужассам этган” деб таъкидлаган.
Байрам арафасида Республика Статистика агентлиги мамлакатда истиқомат қилаётган миллат вакиллари ҳақида маълумот берди.
Бугун Қозоғистон аҳолиси 19 миллион 808 минг 430 кишини ташкил қилади. Улардан 70,6 фоизини қозоқлар, рус аҳолиси улуши 15,1, ўзбеклар 3,2, украинлар 1,9, уйғурлар 1,5, немислар 1,1, татарлар 1,1, озарбайжонлар 0,7, корейслар 0,6 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, яна бошқа миллат вакиллари бор.
Энг кўп қозоқлар Туркистон вилоятида – 1,5 миллион, русларнинг кўпчилиги Олмаота шаҳрида – 428 минг, ўзбеклар Туркистон вилоятида – 378 минг киши, украинлар Кустанай вилоятида – 86 минг, жами 297 минг уйғурларнинг энг кўпи Олмаота вилоятида – 120 киши истиқомат қилади.
Қозоғистонда гагауз, лезгинлар, қумиқлар, аварлар каби этник гуруҳлар вакиллари, жами мамлакатда 124 миллат вакиллари эмин-эркин, ҳур яшаб келмоқда, дейилади агентлик хабарида.
ЎзА