Қозоғистонда уч киши музлаб вафот этди
Ғарбий Қозоғистон вилоятида уч киши изғирин об-ҳавода музлаб вафот этди, деб хабар бермоқда “АзерТАЖ” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, кеча ноқулай об-ҳаво шароитида бедарак йўқолган уч эркакнинг жасади топилган. Улар Жанибек туманида яшовчи 57 ёшли, Бокеёрдин туманида яшовчи 25 ёшли ва Казталов туманида яшовчи 35 ёшли фуқаро бўлган.
Тиббий экспертиза натижаларига кўра, барча эркаклар ҳипотермиядан вафот этган. Оқжайиқ туманида яшовчи 54 ёшли фуқаро эса тирик топилган, бироқ унинг оёқ-қўллари музлаб қолган.
Жанибек туманида яшовчи яна бир 59 ёшли киши бедарак йўқолгани айтилмоқда. Уни қутқарувчилар, ҳарбийлар, полиция ва маҳаллий ҳокимлик ходимлари қидирмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА