Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида «Қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш: халқаро ва европача стандартлар ҳамда илғор тажриба» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Анжуман Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг «Марказий Осиёда қонун устуворлиги: 2020-2023» дастури доирасида ташкил этилди.
«Марказий Осиёда қонун устуворлиги» дастури минтақамиз давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Дастур Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократияни Европа андозалари ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда мустаҳкамлашга қаратилган.
Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов фахрий меҳмон сифатида иштирок этди ва сўзга чиқди.
Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар берди.
Хорижий ва миллий экспертларга Ўзбекистонда кутилаётган муҳим сиёсий воқеа – 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдум ҳақида маълумот берилди. Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда қонунийлик, адолат ва инсонпарварлик каби умум эътироф этилган тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Янгиланаётган Конституция лойиҳаси қоидалари мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, ҳокимият органлари билан муносабатларини сезиларли даражада кенгайтиради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 26-моддасида қийноқлар, зўравонлик, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи бошқа турдаги муомала ва жазолар тақиқланмоқда.
Анжуман давомида шафқатсиз муомала ва қийноқ ҳолатларини тергов қилиш билан боғлиқ асосий масалалар муҳокама қилинди. Ушбу муаммони ҳал этишда турли давлат органларининг роли хусусида атрофлича сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА