Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ёш театр ходимлари ўртасида ижодий алоқани мустаҳкамлашга қаратилган МДҲ давлатлари V ёшлар театр форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
3 июнь куни бошланган анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон, Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистондан 35 ёшгача бўлган 200 дан ортиқ режиссёр, драматург, актёр, саҳна рассоми ва театр танқидчилари иштирок этмоқда.
Ташкилотчилар МДҲ ҳудудида маданий алоқани сақлаш ва ривожлантириш, ёш театр етакчиларини аниқлаш ва бирлаштириш орқали минтақа мамлакатлари ижодкор ёшлари ўртасида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик шаклини кенгайтириш мақсадини кўзлаган.
Форум доирасида спектакллар намойиш этилади, рассомлар каталоги, ёш драматурглар тўпламлари тақдимоти, маҳорат сабоқлари, семинарлар, таниқли театр арбобларининг маърузалари режалаштирилган.
Халқаро театр уюшмалари конфедерацияси томонидан МДҲга аъзо давлатлар гуманитар ҳамкорлик бўйича Давлатлараро жамғармаси кўмагида ташкил этилган тадбирда иштирокчи давлатлар ёш режиссёрлари томонидан 9 та спектакль намойиш этилади. Профессионал ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланадиган ғолибларга пул мукофоти, МДҲ мамлакатлари Ёшлар театр форумининг бирлаштирувчи рамзи – олтин, кумуш ва бронза соябон кўринишидаги эсдалик совғалари топширилади. 9 июнгача давом этадиган анжуманнинг энг яхши спектакли 2025 йил Москвада бўлиб ўтадиган XVII Халқаро театр фестивалига тақдим этилади.
ЎзА