2021 йил 1 август ҳолатига кўра, маҳаллий ижро этувчи органларнинг рухсатномаси билан 15 минг 786 нафар чет эл фуқаролари Қозоғистон ҳудудида ишлаб келмоқда. Бу ҳақда Kazinform Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизматига асосланиб хабар берди.
Меҳнат мигрантларининг кўпчилик қисми Хитойдан – 3785 кишини ташкил этади. Ундан кейинги ўринларда эса Ўзбекистон – 1982 киши, Туркия – 1443 киши, Ҳиндистон – 1031 киши ва Буюк Британия – 948 киши билан турибди.
Шунингдек, мавсумий ишларга 1952 киши, корпоратив алмашувга эса 1887 нафар ишчи кучи жалб қилинган. Ҳозирги вақтда Қозоғистонда чет эл ишчи кучидан фойдаланадиган 1801 та иш берувчи бор, уларда 485 мингдан зиёд Қозоғистон фуқаролари ишлайди, бу умумий ишчилар сонининг 96 фоизини ташкил қилмоқда.
Меҳнат мигрантларини жалб қилиш учун турли тоифадаги рухсатномалар мавжуд. Жумладан, менежерлар ва уларнинг ўринбосарларига 661 рухсатнома, таркибий бўлинмалар раҳбарларига 3283 рухсатнома берилган бўлса, ишчи кучининг асосий қисми учинчи (мутахассислар) ва тўртинчи (малакали ишчилар) тоифаларга мос равишда – 7619 ва 384 та ўрин ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳар йили республикага хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун квота белгилайди. 2021 йилда квота ҳажми ишчи кучининг 0,31фоизини ташкил этган.