Қардош давлат Қозоғистонда жорий йилнинг ўтган қисқа даврида 123 зилзила қайд этилган. Энг юқори магнитуда – 7 балли ер қимирлаши Олмаотадан 262 километр жануби-шарқда кузатилган.
“tengrinews” ахборот портали хабарига кўра, ҳозир мамлакат дунёнинг 100 давлати киритилган рўйхатда 6-ўринни эгаллаб турибди. Мазкур нохуш рейтингда Қозоғистон 2023 йилга нисбатан 58 поғона кўтарилган.
Умуман, 2000-2023 йиллар оралиғида ер юзи бўйлаб 5 дан юқори магнитудали 42 300 зилзила рўй берган. Бу борадаги нисбат йиллар кесимида қуйидагича: 2011 – 2 500, 2010 – 2 400, 2007 – 2 300, 2021 – 2 200 ва 2009 – 2 100. Энг тинч ўтган 2002 йилда ер 1 300 марта силкинган.
2023 йил заминимиз 1 700 марта чайқалган, бу бир йил аввалгидан 0,8 фоиз кам. Ўтган йил давомида 2022 йилга нисбатан 1 фоиз кўп, яъни 15 600 бор 4-8 балли зилзила сезилган.
Февраль ойида Туркия ва Сурияда жами 62 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган 7,5-7,8 магнитудали кучли ер силкиниши 2023 йилнинг қурбонлар сони бўйича энг ҳалокатли воқеаси саналади. Сентябрда Марокаш давлати бошидан кечирган 6,8 магнитудали зилзила қарийб уч минг кишини, октябрь ойида Aфғонистонда содир бўлган 6,3 магнитудали қимирлаш эса, тахминан, бир ярим минг кишини ҳаётдан олиб кетди.
Г.Сатторова, ЎзА