Бугун Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат парламенти палаталари қўшма мажлисида халққа мурожаат қилиб, ўз чиқишида давлат бошқаруви ислоҳоти масаласига тўхталди. Унинг фикрича, мамлакатда давлат раҳбарининг қариндошлари сиёсий лавозимда ишлаши тақиқланиши керак.
"Давлат раҳбари мамлакатнинг барча фуқаролари учун имконият тенглигига кафолат бўладиган шароит яратиши керак. Шу сабабли президентнинг қариндошлари сиёсий лавозим эгаллашини, давлат секторида раҳбарлик қилишини тақиқловчи қонун жорий қилинади", - деди у.
Шунингдек, Қозоғистон етакчиси давлат раҳбарининг партиялар фаолиятида иштирок этишини ҳам қонун билан тақиқлашни таклиф этди.
"Президентга ўз ваколати даврида партиявийлигини тўхтатиш мажбурий қилиб қўйилиши қонун билан расмийлаштирилиши шарт. Ушбу тартиб сиёсий рақобатни кучайтиради, барча партиялар ривожи учун тенг шароитни таъминлайди", - деди Тоқаев.
Қозоғистонни бошқариш шакли ўзгариши, парламент кўпроқ ваколатга эга бўлиши зарур, деди у.
"Тараққиётнинг сиёсий моделини қайта қуриш учун ишончли қадамлар ташлаш лозим. Бу ерда гап суперпрезидентлик бошқаруви шаклидан кучли парламентга эга президентлик бошқарувига ўтиш ҳақида боряпти. Бундай тизим ҳокимият институтларининг ишончли мувозанатини таъминлайди, барқарор тараққиётга қулай шароит яратади".
Бундан ташқари президент Қозоғистонда Конституцион суд таъсис этиш таклифини ҳам илгари сурди.
"Бош прокурор ва инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳам Конституцион судга мурожаат қилиш имконига эга бўлсин! Умид қиламанки, айни ташаббуслар адолатли ва ҳуқуқий давлат қуриш йўлида ташланган муҳим қадам бўлади", — деди Тоқаев.
Қозоғистон раҳбари мамлакатда мутаносиб сайлов тизимидан аралаш моделга ўтиш таклифини ҳам илгари сурмоқда.
Ҳозир Қозоғистонда партия рўйхати бўйича овоз беришни назарда тутувчи сайлов тизимидан фойдаланилади.
"Мен янада уйғунлашган аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифини илгари сураман. Бу барча фуқаролар ҳуқуқини тўлиқ инобатга олади. Пропорционал-мажоритар модель ҳам миллий, ҳам ҳудудлар даражасида сайловчилар манфаатини янада аниқроқ акс эттиради", - қўшича қилди республика раҳбари.
Унинг айтишича, мажилис (қуйи палата)нинг депутатлар мажмуаси парламентда 70 фоиз пропорционал, 30 фоиз мажоритар асосда шакллантирилади.
Аралаш моделни вилоят ва республика аҳамиятига эга шаҳарларда, маҳаллий ваколатли органларга маслиҳатлар сайловида ҳам қўллашни таклиф этди президент.
Маълумки, Қозоғистон Республикаси Марказий Осиёда ҳудудига кўра энг йирик давлат ҳисобланади. Мамлакат иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ҳам қўшни давлатлар орасида етакчиликни сақлаб турибди.
Қозоғистон иқтисодиёти ўтган йили коронавирус пандемияси шароитида ҳам маълум соҳаларда ўсиш қайд этди. «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, 2021 йил Қозоғистон иқтисодиётида ўсиш суръати қарийб тўрт фоизга яқинлашган. Соҳалар бўйича, айниқса, хизмат кўрсатиш тармоғида сезиларли ижобий натижа қайд этилган. Шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори ҳам барқарор ўсган. Экспортнинг юқори даражада ўсиши савдо баланси мустаҳкамланишида асосий омил бўлмоқда. Нефть қазиб олиш йўналишида юқори даражадаги инвестициявий фаоллик кузатилган. Бундан ташқари ахборот ва алоқа, савдо, қурилиш, электр таъминоти, қайта ишлаш саноатида ҳам ижобий кўрсаткич қайд этилди. Иқтисодиётга ички ва ташқи инвестиция жалб қилиш жадал кечмоқда.
Мамлакат иқтисодиётининг ҳудудлараро кесимида ривожланиши кўриб чиқиладиган бўлса, энг яхши кўрсаткичлар Чимкент ва Алмати шаҳарларида, шунингдек, Оқтўбе ва Павлодар вилоятларида кузатилган.
С.Раҳимов, ЎзА