French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қозоғистон Сенати раиси: Ўзбекистон турли соҳаларда эришаётган ютуқлар минтақа мамлакатлари учун намунадир
10:13 / 2023-06-20

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида ўтаётган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти йиғилиши доирасида Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди

Мулоқот чоғида парламентлараро алоқаларнинг мавжуд ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки давлат ҳудудлари ўртасида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Сенати раиси минтақавий форматда Ўзбекистон ва Қозоғистон энг фаол мамлакатлар экани, икки томонлама ҳамкорлик суръати парламент ўлчамида, умуман, барча соҳаларда жадал ўсиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга катта эътибор қаратиш лозимлиги, Ўзбекистон – Қозоғистон минтақалараро форуми якунлари бўйича қабул қилинган сармоявий ва савдо шартномаларини амалга оширишда парламентларнинг имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича фикрларини билдириб ўтди.

Қозоғистон Сенати раиси Ўзбекистон ташаббускори бўлган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти минтақавий ҳамкорлик учун ноёб платформа экани, ўзаро ҳамкорликнинг барча жабҳаларини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятли эканини алоҳида қайд этди.

– Биз мамлакатни ривожлантиришнинг барча йўналишларини қамраб олган, давлат сиёсатининг катта ислоҳотчилик салоҳиятини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилинишини олқишлаймиз. Ўзбекистон турли соҳаларда эришаётган ютуқлар минтақа мамлакатлари учун намунадир. Хусусан, биз Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда сизнинг тажрибангизни ўрганяпмиз. Бу борада Ўзбекистоннинг кенг қамровли амалий тажрибаси намуна сифатида олиниб, ҳозирда Қозоғистон Парламенти ҳузурида ҳам БРМ бўйича комиссия ташкил этилганини мамнуният билан билдирмоқчиман, – деди М.Ашимбаев.  

Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси Ерлан Кошанов билан бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда эса мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналиши, яъни мунтазамлик касб этиб бораётган парламентлараро муносабатларга тўхталиб ўтилди.

Т.Норбоева Олий Мажлис Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши, шунингдек, Қозоғистон парламенти Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи фаолиятига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзаро алоқаларнинг ушбу механизмлари доирасидаги чора-тадбирларни янада фаоллаштириш лозимлигини, бунда қонун ижодкорлиги, гендер ва ёшлар сиёсати соҳасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.  

– Кейинги йилларда Ўзбекистон изчил ривожланмоқда, Қозоғистон яқин қардош ва қўшни сифатида мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, – дейди Е.Кошанов. – Икки давлат ўртасида олий даражада эришилган келишувлар бажарилишини мониторинг қилишда Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши бундан кейин ҳам фаолият самарадорлигига эътибор қаратади. Чунки Қозоғистон – Ўзбекистон ҳамкорлиги кўлами кенг ва бой, биз унинг изчил ривожланишидан манфаатдормиз.

Парламентлар раҳбарлари билан кечган учрашувлар якунида қўшма ташаббусларни илгари суриш амалиётини давом эттириш, халқаро парламент тузилмалари, шунингдек, қатор бошқа халқаро ташкилотлар доирасида икки давлат бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.  

Н.Абдураимова, ЎзА