Қозоғистон парламенти Сенати аъзолигига 130 киши ўз номзодини илгари сурди, улардан уч нафари маслиҳатлар (кенгашлар) томонидан қўллаб-қувватланди, қолганлари шахсий ташаббус кўрсатдилар. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Константин Петров маълум қилди.
“29 ноябрдан 14 декабргача бўлган давр мобайнида республика бўйича парламент Сенати аъзолигига 130 нафар номзод кўрсатилди. Шундай қилиб, ҳар бир ўрин учун олти кишидан кўпроқ номзод тўғри келади”, деди Петров.
Унинг сўзларига кўра, вилоятлар бўйича энг кўп номзод Остона ва Олма-Отадан - 10 нафардан кўрсатилган.
“Номзодларнинг кўп қисми ўз ташаббуси билан кўрсатган, яъни 127 нафари мустақил равишда ўз номзодини илгари сурган. Уч нафар номзод маслиҳатлар томонидан қўллаб-қувватланган”.
Номзодларнинг ўртача ёши 50,5 атрофида. Энг ёш номзод (30) Актюбинск ва энг кекса номзод (74) ғарбий Қозоғистон вилоятидан кўрсатилган.
Номзодларнинг тўртдан бирини аёллар ташкил этади.
Қозоғистон парламенти Сенатига сайловлар 2023 йилнинг 14 январида бўлиб ўтади.
ЎзА