20 октябрь, пайшанба куни Сенат ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида Қозоғистон – Туркманистон давлат чегарасини делимитация қилиш ва балиқ овлаш зоналарининг туташ участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни қабул қилди”, деб ёзади Vlast.kz.
Бош вазир ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердининг сўзларига кўра, келишувнинг кучга кириши Қозоғистон Республикасининг жанубий чегараларида давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлаш имконини беради.
“Келишувга мувофиқ томонлар Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон Республикаси ўртасидаги Каспий денгизи бўйлаб давлат чегараси чизиғи йўналишини, уларнинг ҳудудий сувларини делимитация қилиш ва балиқ овлаш зоналарининг туташ участкаларини демаркация қилиш чизиғини белгиладилар. Кўриб чиқилаётган шартнома ратификация қилиниши керак. Келишувнинг кейинчалик кучга кириши Қозоғистоннинг жанубий чегараларида давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлаш имконини беради”, — деди Тлеуберди.
Ўз навбатида, сенатор Нуржан Нурсипатов келишувнинг қабул қилиниши ер қаъридан фойдаланиш ва сув биологик ресурсларини йиғиб олиш бўйича суверен ҳуқуқларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
“Демаркация чизиқлари ўрта чизиқ тамойили асосида қурилган – замонавий халқаро денгиз ҳуқуқида қарама-қарши ёки қўшни қирғоқлари бўлган давлатлар ўртасидаги денгиз бўшлиқларини чегаралаш учун қўлланиладиган умумэътироф этилган усул”, – дея тушунтирди у.
Шундай қилиб, Каспий денгизининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий аҳамиятини инобатга олган ҳолда, келишувни ратификация қилиш натижаси икки давлатнинг давлат чегарасида барқарорликни янада таъминлаш бўлади.
ЎзА