Мамлакатимизда футзал бўйича бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати “D” гуруҳи доирасидаги иккинчи тур ўйинлари Қозоғистон ва Ливия терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан бошланди.
Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтган учрашувнинг дастлабки дақиқалари тенг курашлар остида ўтди.
Биринчи таймнинг ўртасига келиб, Қозоғистон терма жамоаси аъзоси Акжол Дарибай ҳисобни очди. Кўп ўтмасдан Ливия терма жамоаси аъзоси Мохаммад Хамис чиройли тарзда гол киритиб, ҳисобни тенглаштирди.
[gallery-19337]
Учрашувнинг 17-дақиқасида Биржан Уразов, орадан бир дақиқа ўтиб, Жаҳонгир Рашит рақиблар дарвозасини ишғол этди ва Қозоғистон терма жамоасини 3:1 ҳисобида олдинга олиб чиқди. Биринчи тайм ана шу натижа билан якунланди.
Иккинчи таймнинг 15-дақиқасида Қозоғистон терма жамоасининг 9-рақамли ўйинчиси Альберт Акбаликов томонидан киритилган гол ҳисобни Қозоғистон фойдасига 4:1 кўринишга келтирди.
Шундай қилиб, қозоғистонлик футзалчилар Ливия терма жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон терма жамоаси навбатдаги учрашувни 21 сентябрь куни Янги Зеландия термасига қарши ўтказади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари