French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қозоғистон билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик ривож топмоқда
17:43 / 2025-10-16

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.

Хусусан, 2025-2026 йилларга мўлжалланган икки мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унинг доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан Қозоғистоннинг нуфузли клиникалари билан тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Қатор тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар ўтказиш ва соҳа мутахассислари малакасини ошириш, маҳорат дарслари ва кўргазмали жарроҳлик амалиётлари тобора узлуксиз давом этмоқда.

Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган МДҲга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик Кенгашининг 38-йиғилиши доирасида мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан икки томонлама учрашувларда жорий йил 13-17 октябрь кунлари юртимизнинг тўртта ҳудудида Қозоғистон тиббиёт кунлари ҳамда “Ўзбекистон - Қозоғистон”  тиббиёт форумини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, келгусида кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш кўламини кенгайтиришга келишиб олинган эди.

Ушбу келишувга мувофиқ, Қозоғистон Республикасидан бир қатор тажрибали тиббиёт ходимлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафарига келишди.

Дастлаб Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида меҳмонлар билан учрашув ўтказилди. Тадбир якунида мазкур олий ўқув юрти ректорининг, шунингдек Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали директорларининг Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган вакиллар билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

Келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон тиббиёт институтида қозоғистонлик тиббиёт ходимлари ҳамда академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг тажрибали мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди.

Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири