Остона шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов Мақсут Нарикбоев университети бошқаруви раиси Талъат Нарикбоев билан учрашди.
Мулоқот давомида академик ва илмий тадқиқот соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек минтақавий ривожланиш бўйича таҳлилий кун тартибини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда университет провости Сергей Пен, бошқарув раиси ўринбосари Шинар Закиева ва МIND маркази раҳбари Ойдин Абай ҳам иштирок этди.
Томонлар Марказий Осиёдаги мавжуд тенденциялар, жумладан барқарор ривожланиш, трансчегаравий ҳамкорлик ва минтақавий бирдамлик мавзулари юзасидан фикр алмашди.
«Марказий Осиё+» форматини кенгайтириш доирасида эксперт ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» ва Остонада ташкил қилинган «Марказий Осиё – Италия» саммитлари натижалари минтақага эътибор ортиб бораётганининг ёрқин ифодаси сифатида юқори баҳоланди.
[gallery-23900]
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувидаги раислиги доирасида эксперт ёрдамини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокара якунида икки илмий тадқиқот муассасаси ўртасида Ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат ҳамкорликда турли анжуманлар ўтказиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, таҳлилий материаллар тайёрлаш, нашрлар ва академик манбалардан кенг фойдаланишни назарда тутади.
Таъкидлаганидек, Меморандумда икки томонлама ташаббусларга ёш тадқиқотчиларни фаол жалб қилиш, шунингдек биргаликда илмий нашрлар устида иш олиб бориш шартлари ҳам белгиланган.
Мақсут Нарикбоев университети Қозоғистондаги етакчи илмий-таълим марказларидан бири сифатида ҳуқуқ, халқаро муносабатлар ва давлат бошқаруви соҳасида мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган. Ушбу таълим маскани таркибида Глобал ва минтақавий бошқарув маркази ҳамда МIND маркази – Қозоғистон Республикаси Сенати ҳузуридаги давлат сиёсатини далилларга асосланган ҳолда ривожлантиришга йўналтирилган эксперт майдончаси фаолият юритади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА