Фарғона вилоятидаги кўплаб маҳаллаларда оилаларни даромадли қилиш, бандлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қўзиқорин етиштиришда Фарғона шаҳри анчагина тажрибага эга. Бугунги кунда 20 нафарга яқин тадбиркор мазкур фаолият билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Натижада юзлаб оилаларга даромад кирмоқда, иш ўрни яратиляпти.
"Беш бола" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Абдуллажон Холматов шаҳарда биринчилардан бўлиб қўзиқорин етиштиришни бошлаган тадбиркорлардан. Ҳозир 1 тоннага яқин қўзиқорин уруғини имтиёзли кредит асосида бунёд этилган махсус хоналарда парваришламоқда.

Дастлаб 2 ой давомида қўзиқорин етиштириш сир-синоатларини ўрганган Абдуллажон Холматов 2022 йил февраль ойида 200 миллион сўм маблағ ҳисобига ўз хонадонида қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйди. Ўзига хос ушбу бизнес кутилган натижани ортиғи билан бериб, йилига 400-500 миллион сўмгача даромад ола бошлади.

– Қўзиқоринни экиш усули ҳам осон, ҳам содда бўлиб, битта қўзиқорин қопи 15 минг сўмга тайёр бўлади, – дейди А.Холматов.– 21 кунда ҳосил беришни бошлайди. Қўзиқорин чиққандан сўнг 2 ойда 3 маротабагача териб олиш мумкин. Ҳар бир қопдан 2 килограмм ҳосил олса бўлади. Бугунги кунда қўзиқорин килоси бозорда ҳолатига қараб 20-25 мингдан сотилмоқда.

Абдуллажон Холматовга бошқа вилоятлардан, қўшни республикалардан ҳам алоқага чиқиб, қўзиқорин етиштириш бўйича маслаҳат олишмоқда. Уларга қулай бўлиши учун телеграммда гуруҳ ҳам очилган бўлиб, қўзиқорин етиштириш бўйича тажриба алмашиш имконияти яратилган. Тадбиркорнинг ҳозир 600 га яқин шогирди бор.
– Ушбу бизнесни 1 миллион сўм билан ҳам бошлаш мумкин, – дейди тадбиркор. – Ҳаракат қилинса, уйдаги бўш турган жойда, шаҳарларда эса кўп қаватли уйларнинг ертўласида қўзиқорин етиштирса бўлади. Оилалар учун яхши даромад манбаи.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири