Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қовун” сўзининг келиб чиқиш тарихини биласизми?
15:30 / 2025-10-24

Ўзбек миллий маданияти ва дастурхонини қовунсиз тасаввур қилиш мушкул. Унинг муаттар иси ва шакардек тотли таъми асрлар давомида кишиларни ҳайратга солиб келган. Қовун – бу шунчаки полиз экини эмас, у ўзбек заминининг саховати, меҳмондўстлиги ва ўзига хослигининг тимсолидир. Бироқ тилимизда жаранглайдиган бу оддий ва таниш сўзнинг замирида минг йиллик тарих, қадимги туркий аждодларимизнинг кузатувчанлиги ва тафаккур тарзи яширинганини кўпчилик билмайди. Хўш, “қовун” сўзи қаердан келиб чиққан ва у қандай маънони англатади?

Бу саволга жавоб излаб, биз тарихнинг олтин саҳифаларига, хусусан, буюк тилшунос олим Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарига юзланамиз. Кошғарий ўз асарида бу полиз экинини “қағун” шаклида келтиради. Бу сўзнинг деярли барча туркий тилларда турли товуш ўзгаришлари билан мавжудлиги унинг умумтуркий сўз эканидан далолат беради. Масалан, қирғиз тилида “қоон”, туркманча “гавун”, қорақалпоқча “қаўин”, озарбайжонча “говун” каби шаклларда учрайди. Бу сўзнинг шу қадар кенг тарқалгани унинг жуда қадимий эканини ва туркий халқларнинг аждодлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади.

Аммо сўзнинг асл маъноси нима? Тилшунос олим Баҳром Бафоев ўзининг “Кўҳна сўзлар тарихи” китобида “қовун” сўзининг этимологиясига доир жуда қизиқарли ва мантиқан асосли фаразни илгари суради. “Қовун” сўзининг ўзаги қадимги туркий тилдаги “қов”, “қовуқ” ёки “қобуқ” сўзлари билан бевосита боғлиқ. Бу сўзлар “пўстлоқ”, “қобиқ”, “қалин тери”, “пўкак” каби маъноларни англатган. Маҳмуд Кошғарий луғатида ҳам “қовуш” сўзи “ичи ковак нарса” маъносида келади.

Энди тасаввур қилинг: қадимги аждодларимиз бу экинга ном беришда унинг қайси жиҳатига энг кўп эътибор қаратган? Албатта, унинг бошқа полиз экинларидан ажратиб турувчи асосий белгиси – қалин, қаттиқ ва ичи ковак пўстлоғига. Қовуннинг пўстлоғи уни жазирама қуёшдан, ташқи таъсирлардан асрайди ва ичидаги ширасини узоқ вақт сақлашга ёрдам беради. Айнан мана шу муҳим хусусият – унинг “қобуғи” – экиннинг номи учун асос бўлиб хизмат қилган. Тилшунослик нуқтаи назардан, “қоб/қов” ўзагига “-ун” қўшимчаси қўшилиши орқали янги сўз ясалган. Бу жараёнда “қағун” (Кошғарий даври) > “қоғун” > “қовун” (ҳозирги шакл) каби товуш ўзгаришлари юз берган. Ғ товушининг в товушига ўтиши ўзбек тили тарихи учун хос ҳодисадир.

Бу таҳлил шуниси билан аҳамиятлики, у аждодларимизнинг амалий тафаккурини намоён этади. Улар атроф-оламдаги нарса ва ҳодисаларга ном беришда мажозий ёки мавҳум тушунчалардан эмас, балки уларнинг энг яққол, амалий ва ҳаётий белгиларидан келиб чиққанлар. “Қовун” номи – бу шунчаки тасодифий товушлар йиғиндиси эмас, балки полиз экинининг бутун моҳиятини, унинг биологик хусусиятини биодирувчи мантиқий ифодадир. Бунда “қалин қобиқли полиз экини” деган чуқур маъно мужассам.

Шундай қилиб, биз ҳар гал “қовун” сўзини тилга олганимизда, ўзимиз билмаган ҳолда минг йиллар олдин яшаган аждодларимизнинг кузатувчанлиги, тафаккур мантиғи ва сўз яратиш санъатига гувоҳ бўламиз. Тилимизнинг ҳар бир қатламида ана шундай сирли ва бебаҳо тарихий хазиналар яширин. Уларни ўрганиш эса ўзлигимизни англаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА