Хоразм қовунлари етти иқлимга машҳур ва маълум. Кўҳна заминда қовун етиштиришда донг таратган мамлакатимиз миришкорлари қадимий ва навқирон Хива шаҳрида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган фестивалда жам бўлди. Олдинги йилларда ушбу фестивалда фақат воҳа миришкорлари учрашиб ўзаро тажриба алмашган бўлса, бу галги тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидан фермер ва деҳқонлар иштирок этди. Ўз ишининг моҳир ва билимдон бободеҳқонларнинг қишин-ёзин қилган машаққатли меҳнатининг самараси мана шу тўкин-сочинликда намоён бўлди.
– Биз ўзимизга ажратилган павильонни энг ширин маҳсулотларимиз билан безадик, – дейди сурхондарёлик деҳқон Ҳамза Бозоров. – Вилоятимизда етиштирилган ўн икки турдаги қовунлардан олиб келдик. Миришкорлар яқиндан танишиб тажриба алмашдик.
Дарҳақиқат, қовун сайлининг барча тадбирлари хорижий ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўлди. Юқори даражада ташкил этилган фестиваль уларга ҳам унутилмас онлар, бой таассуротлар туҳфа этди.
[gallery-13120]
– Биз рафиқам билан Франциядан келдик, – дейди Винсент Гиособи. – Ўзбекистонга биринчи маротаба келишимиз. Мамлакатнинг гўзал шаҳарларида бўлдик. Тарихий обидалар билан танишдик. Икки кун олдин юртимизга қайтишимиз лозим эди. Бироқ, фестивалда иштирок этиш мақсадида қолдик. Ушбу фестивални кузатиб, Ўзбекистонда етиштирилган, айниқса, Гурвак ва Бўри калла қовунларининг шираси оғзимда қолди. Энди вақт топиб ушбу фестивалга ҳар йили келаман. Сайлда деҳқонлар Хоразмнинг Ширин печак, Гурвак, Қари қиз, Жийда япроқ, Бўри калла, Оқ новвот каби юздан ортиқ навларини намойиш қилди.
“Ичанқалъа” давлат музей қўриқхонаси Полвон дарвозаси олдидаги майдонда анъанавий “Қовун сайли” Республика фестивалининг тақдирлаш ва ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков фестиваль иштирокчиларини табриклаб, Хоразм қовунларининг довруғини қайта тиклаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хива шаҳри фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб “Жентра” енгил автомашинаси билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Қўшкўпир туманига “Нексия-3”, иккинчи ўрин эгаси Тошкент вилоятига “Спарк”, учинчи ўринни қўлга киритган Янгибозор туманига эса “Дамас” автомобили топширилди. Шунингдек, “Қовунчиликда энг юқори даромад ва ҳосилдорликка эришганлик учун”, “Қадимий анъанавий Хоразм қовунлар навларини тиклаш”, “Энг яхши экспортбоп қовун етиштирганлиги учун”, “Қовунчиликда инновацион технологиялар жорий қилганлиги учун” ва “Энг кўп турдаги қовун етиштирган ҳудуд” каби номинациялар бўйича бир қатор туман ва шаҳарлар, муассасалар ҳамда фермер хўжаликлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг барча меҳмонлар ҳамда ташриф буюрувчиларга саҳналаштирилган чиқишлар ва озарбайжонлик санъаткорлар ҳамда ўзбек эстрадасининг юлдузлари иштирокида катта гала-концерт дастури намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат) ЎзА.