Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят прокурори М.Эшназаров 2025 йилда ҳудудда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва унинг омилларини бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида ахборот берди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратура органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилди, – деди Муродқосим Эшназаров. – Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди. Барча туман ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Йўл хариталари ижроси юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилиб, маҳаллаларга 22634 та камера, 3537 та домофон ўрнатилди. 3854 та “намунавий хавфсиз йўлак”, 1637 та “намунавий хавфсиз кўча” ташкил этилди. 21835 та объект техник қўриқловга олиниб, 488 та ташвиш тугмаси ўрнатилди. Ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 97 минг нафарга яқин шахснинг маиший-ижтимоий муаммолари ҳал этилди. Бу ишлар натижасида 404 та ўғрилик, безорилик ва бошқа турдаги жиноятлар ҳамда 476 нафар шахсларнинг жиноят қурбони бўлиши олди олинди. Шунингдек, 6128 та жиноят фош этилиб, қидирувда бўлган 1110 нафар шахс ушланди, 3241 та жиноят аниқланди. Жиноят содир бўлган ва “қизил” тоифадаги маҳаллалар 10 фоизга камайишига эришилди.

Бироқ кибержиноятларнинг кескин кўпайганлиги, жиноятларни аниқлаш ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ ҳисобга қўйилиши устидан қатъий назорат ўрнатилганлиги жиноятчилик статистикаси ошишига ўз таъсирини кўрсатди. Йил давомида вилоятда 15998 та жиноят ҳисобга олиниб, 2024 йилга нисбатан 70 фоизга кўпайди. Бу жиноятларнинг 7601 таси (48 фоизи) ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этди. Таҳлил қилинганда мазкур жиноятларнинг 98,6 фоизи ижтимоий тармоқлар орқали виртуал муҳитда содир этилгани аниқланди. Бундай таҳдидлардан ҳимояланишнинг муҳим воситаси сифатида аҳолининг киберхавфсизлик маданиятини ошириш, бу борада зарур билим ва маълумотларни ўзлаштириши учун профилактик тадбирлар кучайтирилди.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда вилоятда содир этилган зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг 32 фоизи (269 та), қотиллик жиноятларнинг 51 фоизи (18 та) оилавий келишмовчиликлар туфайли юзага келган. Жумладан, бу жиноятларнинг 85 фоизи қариндошлар билан муросасизлик, 9 фоизи рашк ҳамда 6 фоизи ўч олиш ва мол-мулк талашиш оқибатида содир этилган.
Вилоят прокурори “Оиладаги соғлом муҳит – хавфсиз кўча ва хавфсиз маҳалла таянчи” тамойили асосида оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, ижтимоий профилактика тизимини янада яхшилаш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳалла ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилиши лозимлигини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири