Жорий йилнинг 27 ноябрь куни тахминан соат 12:00 ларда Ғиждувон тумани Зарангари маҳалласида яшаган, 1978 йилда туғилган фуқаро Р.Н. ва унинг турмуш ўртоғи 1975 йилда туғилган фуқаро Р.З. лар ўзлари истиқомат қилиб келаётган хонадонда ўзаро келишмовчилик сабаб жанжаллашиб қолади.
Натижада жанжал вақтида фуқаро Р.З. ўз аёлини ошхона пичоғи билан чап кўкрак қафаси юқори қисмига 1 маротаба уриб оғир тан жароҳати етказиши оқибатида вафот этади.
Суд тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, марҳума фуқаро Р.Н. ўткир санчиб кесувчи жисм таъсирида чап кўкрак юқори қисмидан олган жароҳати оқибатида келиб чиққан ўткир ички ва ташқи қон кетиши натижасида вафот этганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан судга оид тиббий, криминалистика ҳамда биология экспертизалар тайинланган бўлиб, туман прокуратураси томонидан фуқаро Р.З. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиевлар Ғиждувон туманида содир бўлган мудҳиш қотиллик жиноятини кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилди.
Тадбирда туман сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, туман фаоллари, «Зарангари» маҳалласи мутасаддилари, ушбу маҳалланинг профилактика инспектори, маҳаллалар ҳудудидаги қишлоқ ва кўча вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Унда мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилди ва жиноят муҳокама этилди.
Муҳокамада маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторининг ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари тингланди. Масъуллар мазкур жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан тушунтириш берди.
Тадбирда иштирок этган масъуллар ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори, туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.
Қўни-қўшни, эр-хотин, ака-ука ва қариндош-уруғлар ўртасидаги муаммоли масалаларни ўрганиш, уларни бартараф қилиш борасида идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш, жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган тоифа шахслар, оилалар билан олиб борилаётган профилактик тадбирлар сифатини оширишга, ҳудудларда «фуқаробай», «оилабай» ва «хонадонбай» тизим, «Хавфсиз ҳовли» тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА