Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўштепадаги 214 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда
10:20 / 2021-04-09

Фарғона вилоятидаги “Global textile Solutions” пахтачилик-тўқимачилик кластери бугунги кунда илғор технологияларни қишлоқ хўжалиги ва саноатга кенг татбиқ этмоқда. Жорий йилда Қўштепа ва Учкўприк туманларидаги фермер хўжаликлари билан пахта етиштириш бўйича шартномалар тузилган бўлиб, айни кунларда чигит экиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиш – машаққат. Қўштепа туманидаги қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар буни яхши билади. Шу боис йиллар давомида пахтачиликда кўзланган натижаларга эришилмаган. 2019 йилда кластер корхонаси бу ерда иш бошлаб, фермерларнинг жонига оро кирди. Ерларни экинга тайёрлаш, мелиорация каби тадбирларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Уруғ, ёнилғи, ўғит каби масалаларда фермерларда умуман муаммо бўлмади. Шу йили туман фермерлари вилоятда биринчилардан бўлиб, пахта тайёрлашни ортиғи билан уддалади. Ўтган йили ҳам самарадорлик янада юқори бўлди, 18 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. 120 та қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинди, 3,7 километр зовурлар тикланди, 10 километр каналлар тозаланди. Айни кунларда кластер корхонасида икки мингга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Икки йил давомида 60 миллион АҚШ долларилик инвестициялар жалб этилди, туманда янги пахта тозалаш заводи ишга туширилди. Фарғона шаҳрида эса 50 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилиб, тўқимачилик комплекси бунёд этилди.  

Жорий йилда туманда яна бир истиқболли лойиҳа бошланди. 214 гектар майдонда замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда.

– Фермерларимизни қийнайдиган муаммолардан бири – ғўзани суғоришдир, – дейди кластер корхонаси раҳбари Мўминжон Раззоқов. – Баъзилари сув танқислиги боис ҳосил етиштиролмасдан умуман даромад кўрмаган. Шу боис сув тежовчи технологияларни қўллашни бошладик. Бунинг учун 600 минг АҚШ доллари сарф этилмоқда.

Ҳозирда чигит қадалган майдонларда бу тизимни барпо этиш ишлари олиб бориляпти. 17 минг 200 куб метр ҳажмдаги сунъий сув ҳавзаси қурилди, 3 та тик қудуқ қазилиб, ишга туширилди. Мазкур технология ёрдами билан 2 соат 40 минутда 30-31 гектар пахта майдонини суғориш имкони яратилади.

Энг илғор иш усули ҳам соҳани сўнгги бир неча ўн йилларда тўпланган муаммолар гирдобидан олиб чиқишга қодир эмас. Бунинг учун ҳам уқув, билим, янгича дунёқараш, пешона тери эвазига қилинган ҳалол меҳнат ва, албатта, фидойилик талаб қилинади. “Global textile Solutions” пахтачилик-тўқимачилик кластери раҳбаридан бошлаб, бу ерда ишлаётган ҳар бир ходим бунинг учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаяпти. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик соҳаларига инновацион ишланмаларни жорий этиб, кўзлаган мақсадларига эришаяпти.

М.Сулаймонов, ЎзА