Самарқанд давлат чет тиллар институти “Камбағалликдан фаровонлик сари” умуммиллий дастури доирасида Қўшработ тумани маркази ва Жўш қишлоғида хорижий тилларни ўргатадиган ўқув марказлари ташкил этди.
Ушбу марказларда кам таъминланган оилалар фарзандлари, хорижий давлатларга ишлаш мақсадида кетаётган фуқароларга институт педагоглари томонидан инглиз, немис ва корейс тиллари бепул ўқитилади.
Ўқув марказлар учун 82-умумтаълим мактаби ва Жўш маҳалласидаги касб-ҳунар коллежи биносидан хоналар ажратилди.
– Хоналар таъмирланиб, зарур жиҳозлар, ўқув адабиётлари, кўргазмали воситалар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти кафедра мудири Муҳиддин Эсиргапов. – Марказларда машғулот олиб бориш учун 6 нафар мутахассис ажратилди. Уларга институт томонидан иш ҳақи тўланади. Ўқитувчиларимиз ҳафтада уч кун келиб, машғулот ўтади. Ҳар икки ҳафтада марказ тингловчиларининг билими махсус ўқитувчилар томонидан назоратдан ўтказилади. Тил билиш даражасини аниқлаш учун синовлар уюштирилади. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан келишувимизга кўра, Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш учун талабгорларга немис тили ўргатамиз ва улар белгиланган тил билиш даражасини олиш учун синовдан ўтади.
Марказларнинг иш бошлаши муносабати билан ўтказилган тадбирларда Самарқанд вилояти ва Қўшработ тумани ҳокимликлари масъуллари, Самарқанд давлат чет тиллар институти раҳбарияти иштирок этиб, муассасаларда яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди.
– Икки қизимни инглиз тили курсига бергандим ва ҳар ойда 200 минг сўмдан зиёд пул тўлашимга тўғри келарди, – дейди Жўш маҳалласида яшовчи Сайёра Усмонова. – Лекин ҳамма вақт ҳам бунга имкониятим бўлмасди. Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан бепул ўқув курслари ташкил этилганини эшитиб, фарзандларимни шу ерга бердим. Дарсларни институт ўқитувчилари ўтар экан. Бу ўқувчилар учун жуда катта имконият.
Тумандаги 77-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳина Тошкентбоева корейс тилини ўрганиш ниятида бўлса-да, туманда бунинг учун имконият йўқ эди. Энди эса у Қўшработда туриб бу тилни ўрганиши мумкин.
[gallery-19628]
– Туманимизда корейс тилини ўргатадиган ўқув марказ йўқ, - дейди Моҳина Тошкенбоева. – Бунинг учун Самарқанд шаҳрига боришимизга тўғри келарди. Чет тиллар институти очган ўқув марказида корейс тил курси борлигини эшитиб, биринчилар қаторида рўйхатдан ўтдим. Бу биз учун жуда қулай бўлди. Энг муҳими, курслар бепул экан.
Эслатиб ўтамиз, “Камбағалликдан фаровонлик сари” умуммиллий дастурини амалга ошириш жараёнида Қўшработ тумани Самарқанд вилоятидаги намунали ҳудудга айлантирилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари