Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшработда рўй берган кучли шамол ва ёмғир оқибатлари бартараф этилмоқда
18:15 / 2026-02-10

Кеча – 9 февраль куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Қўштамғали маҳалласида кучли шамол эсиши ва ёмғир ёғиши оқибатида бир нечта хонадонларга зарар етди, уларнинг томи қисми бузилди, ҳатто айрим электр таянч устунлари ағанади.

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев тегишли масъуллар билан бирга шу куннинг ўзида ушбу ҳудудда бўлиб, ноқулай об-ҳаводан азият чеккан хонадонлар аъзолари билан учрашди. Талафот етган уй-жойлар қисқа фурсатда таъмирлаб берилиши айтилди. 

Шундан сўнг Қўштамғали маҳалла маркази биносида штаб ташкил этилиб, зарур техника ва мутахассислар жалб қилинди. Вилоят ҳокими аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, етказилган зарарни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда электр таъминотидаги узилишларни тиклаш юзасидан масъулларга топшириқлар берди. 

Айни пайтда ҳудудда электр устунларини алмаштириш, уйларнинг том қисмини таъмирлаш, аҳолини зарур буюмлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, кеча кучли шамол Ургут тумани Камардон маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг том қисмини учириб юборганди. Туман ҳокими ва бошқа масъуллар воқеа рўй берган пайтнинг ўзида мазкур объектда бўлиб, зарар оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири