English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшработда иккита мактаб қурилди
10:39 / 2024-08-29

Самарқанд вилояти прокуратураси ташаббуси билан Қўшработнинг энг олис ҳудудларида икки мактаб учун янги бинолар қурилди.

Бу мактабларнинг бири Қўшработ тумани марказидан 40 километр, иккинчиси 60 километр узоқликда жойлашган. Иккисида ҳам бир хил муаммо – бинолар эски, ўқувчилар сони эса меъёрдан кўп эди. Жой етишмаслиги, яқин ўртада бошқа мактабнинг йўқлиги сабабли дарслар икки навбатда, ҳатто коридор ва спорт залида ҳам ўтилган.

Оқчобсой маҳалласидаги 51-умумтаълим мактабининг эски биноси 1970 йилда ҳашар йўли билан хом ғиштдан қурилган ва бугунги кунда фойдаланишга бутунлай яроқсиз ҳолатда эди. 2007 йилда инвестиция дастури асосида қуриб берилган 140 ўринли бино 360 нафар ўқувчини сиғдира олмаслиги сабабли эски бинода ҳам дарс ўтишга тўғри келарди. Вилоят прокуратураси ташаббуси билан ажратилган 2,4 миллиард сўм маблағ эвазига мактабда 220 ўринли қўшимча бино қурилди. Шунингдек, муассасанинг 2007 йилда қурилган биноси тўлиқ таъмирланди, мини футбол майдончаси ва ўқувчиларнинг мактаб ҳудудига хавфсиз кириб-чиқиши учун сой устида кўприк қурилди.

– Бу мактабда шу атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг фарзандлари ўқийди, – дейди туман ҳокими Дилшод Шакарбоев. –Улар ҳатто 15-16 километр йўл босиб мактабга келади. Қийинчиликлардан қўрқмайдиган, мақсади сари интиладиган метин иродали одамлар яшайди бу ерда. Янги мактаб ўқувчиларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Айнан шу ёшлар орасидан юртимизни дунёга танитадиган инсонлар чиқишига ишонамиз.

Туманнинг яна бир олис маҳалласи – Юқори Жўшдаги 45-умумтаълим мактабининг 1980 йилда ҳашар йўли билан қурилган биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Бу мактабда ҳам 2017 йилда инвестиция дастури асосида 140 ўринли қўшимча бино қурилган. Аммо бугун ўқувчиларнинг сони 270 нафардан ортиқ ва, табиийки, улар учун қўшимча бино зарур эди. Бу мактабда 180 ўринли қўшимча бино қуриш учун вилоят прокуратураси ташаббуси билан 2,1 миллиард сўм маблағ ажратилди ва кўркам бино қад ростлади. Шунингдек, мактабга келадиган йўлдан ўтган сой устида 17 метр кўприк, болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун мини футбол майдончаси қурилди.

– Вилоят прокуратурасидан одамлар келиб, янги мактаб қурамиз, дейишганида ишонмаган эдик, – дейди 45-умумтаълим мактаби директори Раҳмиддин Болиқулов. – Аммо ишлар жуда жадал бошланиб кетди. 5 ой ичида янги биномиз битди. Бу ерда 7 қишлоқ болалари келиб ўқийди. Янги ўқув йилини янги бинода бошлашимиздан жамоамиз, ота-оналар ва ўқувчилар хурсанд.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири