Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Қийқим маҳалласида туман ҳокимлиги ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида мазкур лойиҳа амалга оширилмоқда.
– Ер тўла қуёнхона эгаллайдиган майдоннинг узунлиги беш, эни икки метрни ташкил этади, – дейди “Қўшработ ноёб қуёнлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Руслан Рашидов. – Битта ер тўла 26 бош қуёнга мўлжалланган бўлади. Ер тўла усти тунука билан ёпилиб, томнинг ички томонига иссиқ ўтказмайдиган материал қопланади. Ер тўла ичига сув ва ем-хашак учун махсус идишлар қўйилади. Ер тўла қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини ҳисобга олсак, бунда электр энергияси ва газга эҳтиёж йўқ. Бу қуёнларнинг яхши парваришланиши учун айни муддао. Сабаби, табиий шароитда ҳам қуён ер остига ин қуриб кўпаяди. Шу жиҳатдан буни аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтиришда зарур ва керакли технологиялардан бири дейиш мумкин.
Энг муҳими, мазкур қурилма кўп харажат талаб қилмайди. Яъни хонадон эгасига барча жиҳозлари ва қуёнлар билан бирга 33 миллион сўмга тушади. Бир йилда ушбу инновацион қуёнхонада 1,5-2 тоннагача гўшт етиштириш имкониятини ҳисобга олсак, бу иш билан шуғулланган киши йил давомида 100-120 миллион сўм пул топиши мумкин. Бу маблағнинг ярми харажатларга кетганда ҳам ярми оила учун даромад бўлади.
Маълумотларга кўра, жорий йил вилоятда 300 та хонадонда шу усул орқали одамларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа доирасида қуёнхоналар республика қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси ва “Қўшработ ноёб қуёнлари” МЧЖ билан ҳамкорликда кредитга қуриб берилмоқда. Қуён ва озуқа масаласи ҳам ассоциация зиммасида. Аҳоли хонадонида кўпайтирилган қуёнларни ҳам ассоциация сотиб олади. Шу мақсадда Қўшработда марказлашган кушхона ва ўқув маркази ташкил этилади. Ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айтиш жоизки, қишлоқ жойларда қуённи бундай усулда кўпайтириш қийин эмас. Чунки ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси бор, қуён учун озуқани етиштириш мумкин. Ҳозирда Қийқим маҳалласидаги 10 та хонадонда шундай қуёнхоналар ташкил этилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА.