Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшработ мармари қайта ишланади
14:48 / 2024-07-16

Хитойлик инвесторлар – Ху Хиан Шуи ва Лиан Лонгжие Самарқанд вилоятининг олис Қўшработ туманида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда. Улар Қўшработ туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази орқали тош қазиб олиш, кесиш, унга ишлов бериш ва пардозлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “SI JIE STONE” ҳамда “BA DA STONE” МЧЖ хорижий корхоналарини давлат рўйхатидан ўтказди.

– Хитой фуқаролари мамлакатимизга улкан режалар билан келган, – дейди Қўшработ тумани давлат хизматлари маркази директори Бобур Худойбердиев. – Улар Ўзбекистондаги бизнесига 5 миллион доллар инвестиция киритмоқда. Тадбиркорлар фақатгина мармар қазиб олиш ва уни қайта ишлаш билан шуғулланмай, келгусида фаолиятини кенгайтириш, 70 дан зиёд хизмат турларини йўлга қўйишни мақсад қилган.  

Жумладан, ветеринария хизматлари кўрсатиш, кенг турдаги қурилиш моллари ишлаб чиқариш, ҳудуд шароитидан келиб чиқиб туячилик ва туяқуш боқишни ташкил этмоқчи. Корхоналар ишга тушиши билан дастлаб 60 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланса, кейинги лойиҳалар ҳисобига яна 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.  

Маълумотларга кўра, Қўшработ тумани давлат хизматлари маркази орқали жорий йилнинг 6 ойида 294 та якка тартибдаги, 107 та юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари ҳамда 4 та хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА мухбири