Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қошқайронлик боғбонлар
20:54 / 2026-02-05

Айни кунларда Фарғона вилояти Риштон тумани боғларида миришкорлар жорий йилги мўл ҳосилни таъминлаш мақсадида мавсумий ишларга қизғин киришган.

Туманнинг “Қошқайрон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Роҳатбахшида замин” боғдорчилик фермер хўжалигининг 28 гектар майдонида ўн турга яқин мевали дарахтлар парваришланмоқда. Кейинги йилларда илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнологиялар кенг жорий этилиб, интенсив усулда янги боғлар барпо этилди. Ўрик, шафтоли, олма ва гилос кўчатлари янгиланиб, узоқ масофага ташишга яроқли ҳамда экспортбоп навлар кўпайтирилмоқда.

— Боғбонлар учун қиш ҳам бекорчилик мавсуми эмас, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Турсунали Тешабоев. — Айни кунларда дарахтларга шакл бериш, пайвандлаш, маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, самарасиз дарахтлар ўрнига жаҳон тажрибаси асосида сифатли ва мўл ҳосил берувчи янги ниҳоллар экишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қошқайронлик боғбонлар боғдорчилик, хусусан, қандак ўрик етиштириш бўйича Риштон туманининг илғор хўжаликлари қаторида туради. Бугунги кунда маҳалла аҳолиси тасарруфида 350 гектардан ортиқ мевали боғлар мавжуд бўлиб, унинг салмоқли қисмини қандак ўрик боғлари ташкил этади.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА