Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшма завод ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди
16:02 / 2025-12-12

Сирдарё вилоятида саноат кооперацияси ва хорижий сармояларни жалб этиш бўйича муҳим қадам ташланди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Хитойнинг электротехника соҳасидаги етакчи компанияларидан бири — “Aerospace Electric Group” бошқарув раиси Ван Цзе раҳбарлигидаги нуфузли делегацияни қабул қилди.

Учрашувда томонлар қўшма саноат корхонаси ташкил этиш, экспортга йўналтирилган кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рангли металлар таъминоти ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Делегация таркибида “Yichang City Development Investment Group” бош директор ўринбосари Чэнь Цихун, “Aerospace Electric Group” маркетинг ва халқаро маркетинг бўлимлари директорлари Хуан Чэнь ва Бао Вэйли, “Hubei Aerospace Cable” бош директор ўринбосари Чжао Шилинь ҳамда Шарқий Хитой педагогика университети Марказий Осиё маркази директори ўринбосари Ван Хайдун каби асосий қарор қабул қилувчи раҳбарлар ҳам иштирок этишди.

Учрашув давомида меҳмонлар вилоятдаги саноат зоналари, логистика тармоғи, хомашё базаси ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан яқинан танишишди. Ўзбекистондаги барқарор сиёсий муҳит, Сирдарёдаги қулай инвестиция шароитлари ва тадбиркорлар учун яратилган кенг имтиёзлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Музокаралар давомида Сирдарёда замонавий кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма завод ташкил этиш, хомашё таъминоти ва рангли металлар бўйича узлуксиз ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, технологияларни трансфер қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма дастурларни шакллантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, Aerospace Electric Group Марказий Осиё давлатлари билан ҳозирга қадар ҳамкорлик қилмаган ва Сирдарё лойиҳаси улар учун минтақадаги биринчи ва энг йирик индустриал платформа бўлиши мумкин. 2024 йилда компания Хитойда 1 миллиард доллардан ортиқ товар айланмасига эришиб, Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Америка бозорларига маҳсулот етказиб бериб келган.

Энг муҳими, ушбу лойиҳа амалга ошса, Сирдарё иқтисодиётида сезиларли ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда: юзлаб янги иш ўринлари яратилиши, экспорт ҳажми кескин ошиши, электротехника саноати ҳудудий марказга айланиши ҳамда технологик кооперация ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Экспертлар фикрига кўра, бу стратегик ҳамкорлик Сирдарёнинг халқаро инвестиция харитасидаги нуфузини ошириши ва вилоятни ички бозордан ташқари, халқаро миқёсда ҳам электротехника маҳсулотларининг экспортчисига айлантириши мумкин.

Шунингдек, томонлар рангли металларни барқарор харид қилиш, ресурс таъминоти ва технологик ҳамкорлик имкониятларини мустаҳкамлаш йўлларини ҳам муҳокама қилди. Бу саъй-ҳаракатлар вилоятнинг индустриал ривожланишида янги саҳифа очиши ҳамда инвестиция ва технологиялар бўйича стратегик мулоқотни мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири