Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар сарфламоқчи
АҚШ қонун чиқарувчилари мамлакат ҳарбий соҳаси ва Украинага ёрдам учун рекорд даражадаги харажатларни ўз ичига олган мудофаа сиёсати тўғрисидаги қонун лойиҳасининг якуний матнини тақдим этди.
“Reuters” ахборот агентлиги хабар беришича, қонун лойиҳасида 2026 молия йили учун ҳарбий харажатларга 901 миллиард доллар ажратилган. Бу миқдор АҚШ президенти Дональд Трампнинг шу йил май ойида сўраганидан 8 миллиард долларга кўп.
– Қонун лойиҳаси Украина хавфсизлигига ёрдам бериш ташаббусини молиялаштиришни 2026 ва 2027 молия йиллари учун йилига 400 миллион долларга узайтиради, -дейилади мақолада.
Бундан ташқари, АҚШ Конгресси Европалик ҳамкорларнинг Киевни қандай қўллаб-қувватлаётганини кузатиш учун иттифоқчиларнинг Украинага қўшган ҳиссалари ҳақида тез-тез ҳисобот беришни талаб қилади.
Г.Сатторова, ЎзА