Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги вилоят делегацияси Корея ва Японияга амалга оширилган сафари давомида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Малайзиянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди ва сирдарёлик ва малайзиялик тадбиркорлар иштирокида “Сирдарёда бизнес қилинг!” шиори остида бизнес-форум ташкил этилди. Форумда инвестициявий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокимининг дастлабки учрашуви Amli Mountain (M) Sdn. Bhd. компанияси таъсисчиси Жаясимман Жаясинг билан бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида рақамли технологиялар, тиббиёт ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, у Сирдарё вилоятининг инвестициявий салоҳиятини ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири