Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам маъқулланди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Консолидациялашган бюджети тақчиллигини қоплаш манбаларини кенгайтириш, шунингдек, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг йил якунига қадар ўзлаштирилмай қоладиган айрим харажатларини мақбуллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари прогнози ва харажатлари миқдорлари ҳамда 2022 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори – қўшимча харажатлар ва ўзлаштирилмай қоладиган айрим харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига ижтимоий соҳага 8,7 триллион сўм – шундан таълим соҳасига 1,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 0,5 триллион сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 6,2 триллион сўм йўналтирилади. Шунингдек, маҳаллалардаги аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган долзарб муаммолар ечими бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3,7 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилади.
ЎзА