Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшимча иш ўринлари пайдо бўлмоқда
15:20 / 2025-11-14

Сирдарё вилоятида Боёвут туманининг инвестиция ва экспорт салоҳияти жорий йилда сезиларли даражада ошди. Январь-сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар туфайли туман иқтисодиётида фаоллик янада кўзга ташланди, аҳоли бандлиги таъминланди ва даромад манбалари кенгайди.

– Биласизми, туманимизнинг йиллик экспорт прогноз кўрсаткичи 48,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 130 фоизга ўсди, – дейди Боёвут туман ҳокими ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо шуъбаси бошлиғи Бобур Абдумаликов. – Январь-сентябрда 33,9 миллион долларлик прогноз белгиланган бўлса, амалий экспорт 34,7 миллион долларга етди ва шу тарзда йил бошидан бери экспорт режаси 102 фоизга бажарилди.

Мева-сабзавот экспорти ҳам сезиларли ўсиш кўрсатди. 2024 йилнинг шу даврида 624 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2025 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 1,7 миллион долларга етди. Шу билан бирга, ғалладан бўшаган ер майдонларида дуккакли экинлар етиштириш орқали мева-сабзавот экспорти прогнозини 100 фоиздан юқори бажариш режалаштирилмоқда. Йил охирига қадар саноат маҳсулотлари 42,4 миллион доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари 5,7 миллион доллар миқдорида экспорт қилиниши орқали йиллик прогноз тўлиқ бажарилади.

Инвестиция соҳасида ҳам фаоллик юқори суръатда. Жорий йилда туманда қиймати 643 млрд сўмлик 53 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали 2 500 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳалар соҳалар бўйича тақсимланиши шундай: хизмат кўрсатиш соҳасида 40 та лойиҳа (422 та иш ўрни), саноат йўналишида 3 та лойиҳа (2 070 та иш ўрни), қишлоқ хўжалигида 10 та лойиҳа (52 та иш ўрни).

Январь-сентябрда эса 183,4 млрд сўмлик 42 та лойиҳа амалга оширилди ва 923 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, 17 та лойиҳа қиймати 166,4 млрд сўм ва 731 иш ўрни билан муддатидан олдин амалга оширилди. Йил охирига қадар қўшимча лойиҳалар билан 650 млрд сўмлик 75 та инвестиция лойиҳаси ва 2 640 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

– Энг асосийси, туманимизда инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш бизнинг асосий вазифамиз, – дейди Бобур Абдумаликов. – Янги лойиҳалар амалга оширилиши, экспорт қувватларининг кенгайиши ҳамда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ривожланиш аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга хизмат қилади. Биз ҳар бир инвестиция лойиҳасини назорат қилган ҳолда, унинг ижобий натижа бериши учун барча имкониятларни сафарбар қилмоқдамиз.

Бобур Абдумаликовнинг таъкидлашича, туманда инвестиция муҳити янада такомиллаштирилмоқда ва бу орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш имкониятлари янада кенгаймоқда.

Боёвутдаги бу ижобий ўзгаришлар маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестицион жозибадорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Янги экспорт қувватлари яратилмоқда, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда ва аҳоли даромадлари ортиб бормоқда.

Ғулом Примов, ЎзА