Термизда «Солиқ маъмурчилигининг самарасини ошириш орқали тадбиркорларга тенг рақобат шароитларини яратиш» мавзусига бағишланган учрашув ўтказилди.
Тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи С.Эшматов сўнгги йилларда солиқ тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ишбилармонлик муҳитини тубдан ўзгартириб, аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга интилиш ортиб бораётгани ҳақида фикр алмашилди.
Айни пайтда вилоятда 20 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани, турли замонавий хизматлар кўрсатаётгани бунга яққол далилдир.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 22 сентябрдаги «Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам солиқ маъмурчилигини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Учрашувда мазкур қарорга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини рўйхатга олишнинг янги тартиби хусусида атрофлича маълумот берилди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказишда солиқ хавфини баҳолаш принциплари, “E-ijara” электрон хизмати орқали ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби, “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизими ҳамда янгиланган электрон ҳисоб варақ-фактура, шунингдек, маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион коди тизимларининг ишлаш жараёнлари видео қўлланмалар ёрдамида тушунтирилди.
– Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали “E-ijara” ҳамда “E-aktiv” интерактив хизматлари тўғрисида кўп маротаба эшитдик, кўрдик, – дейди “Surkhon-Sandvich” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Маҳлиё Болтаева. – Лекин бу дастурлар билан ишлаш жараёнида етарлича тушунчага эга бўлмаганимиз сабабли хатоликларга йўл қўяётган эдик. Бугунги учрашувда шу хатоликлар нима сабабдан юзага келаётгани ва қандай тартибда ишлаш кераклиги тўғрисида етарли маълумотга эга бўлдик.
Мулоқот чоғида учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА