Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача пасайиши Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити ўсишига ижобий таъсир кўрсатди, лекин бу январь ойида аномал совуқ сабаб юзага келган об-ҳаво туфайли у қадар сезилмади.
2023 йил январь ойидан бошлаб республикамизнинг ишбилармонлик муҳити индекси вақти-вақти билан "Trading Economics" халқаро иқтисодий порталида эълон қилиб бориладиган бўлди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси Ферузбек Давлетовнинг айтишича, февраль ойида ишбилармонлик муҳитининг жамланган кўрсаткичи 4 пунктга ўсди ва 58 пунктни ташкил этди. Бу мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити ҳолатини ижобий, деб баҳолайди.
Композит кўрсаткичнинг ўсишига қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш секторидаги динамика сезиларли таъсир кўрсатди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бизнесни либераллаштириш бўйича режали давлат сиёсати йўлга қўйилди, хусусан, бизнесни бошлаш ва уни юритиш соддалаштирилди, маъмурий тўсиқлар бартараф этилди, солиққа тортиш тизимида янгиликлар амалга оширилди, туманларни 5 тоифага бўлган ҳолда жой тоифасига қараб бизнес учун имтиёзлар ва субсидиялар беришнинг янги механизми жорий этилди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда бизнесни тартибга солиш тизимини сезиларли даражада ўзгартиради, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ёрдам беради, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш орқали хусусий сектор ривожланишини рағбатлантиради. Хусусан, солиққа тортиш тизимидаги янгиликлар туфайли мамлакатда ишбилармонлик муҳитини фаоллаштириш ва ўсишини таъминлашга эришилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида солиқ тўловчилар биринчи марта солиқ органларига ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботларини 12 фоиз миқдорида тақдим этди. Январь ойида ҳисоботлар 2022 йил декабрь ойи учун тақдим этилди, унда 15 фоиз ставка амал қилган эди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, бизнеснинг ҳозирги ҳолатини «яхши», деб қайд этган респондентлар 41 фоизни ташкил этган бўлса, 14 фоиз «ёмон» деб баҳолаган. Корхоналарнинг 20 фоизи ўз ходимлари сонини кўпайтирди, 40 фоизи эса ўз товарлари/хизматларига талаб ошганини қайд этди. Бир ой давомида бизнеснинг жорий ҳолати кўрсаткичи 3 пунктга ошди ва 37 пунктни ташкил этди, бу қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги яхшиланишлар билан изоҳланади. Шунга қарамай, қурилиш соҳасидаги ҳозирги ҳолат кўрсаткичида пасайиш кузатилди.
Кейинги 3 ой ичида бизнесни ривожлантириш истиқболларини кутиш кўрсаткичи жуда юқори даражада қолмоқда – 80 балл, бу барча тармоқларда юқори оптимизм билан қўллаб-қувватланади. Февраль ойида қурилиш соҳасида кутиш кўрсаткичида сезиларли сакраш қайд этилди. Кейинги 3 ой ичида ўз бизнеси ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорларнинг улуши 82 фоизни ташкил этди, товарлар ва хизматларга талабнинг янада ошишини 75 фоиз тадбиркор кутаётганини қайд этди ва 68 фоиз тадбиркорлар ходимлари сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Тадбиркорларнинг 26 фоизи кейинги 3 ой ичида ўз товарлари/хизматлари нархининг ошишини кутмоқда. Умуман олганда, жорий ҳолат кўрсаткичлари ва кутилаётган тахминлар ўртасидаги боғлиқлик иқтисодиётнинг ривожланишидаги ижобий тенденция кейинги 3 ой ичида давом этишини англатади.
Тадбиркорларнинг 49 фоизи ўз фаолиятида тўсиқларга дуч келганлигини айтган. Молиялаштириш ва ер участкаларидан фойдаланишдаги тўсиқлар, солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, электр ва газ таъминотидаги узилишлар қайд этилди. Бизнес юритишда турли тўсиқларнинг камайиши ҳам кўрсаткичларни яхшилаш омили бўлиши мумкин. Шундай қилиб, масалан, ой давомида ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигини қайд этган респондентларнинг улуши 1 фоизга ошди. Саноат секторида молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган тадбиркорларнинг улуши 2 фоизга камайди, юқори солиқ ставкалари бўйича шикоятлар яна 6 фоизга камайди. Саноат секторидаги янги ер участкаларидан фойдаланишдаги қийинчиликлар ва газ таъминоти муаммолари каби тўсиқларнинг улуши деярли ўзгаришсиз қолди. Қишлоқ хўжалиги вакиллари сув таъминоти (- 4%) ва юқори солиқ ставкалари муаммоларини (- 3%) камроқ тилга олишди.
Қурилиш секторида солиқ маъмуриятчилиги муаммолари бўйича шикоятлар сони 3 фоизга камайди ва газ таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келганлар улуши яна 4 фоизга камайди. Хизмат кўрсатиш секторида электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар улуши мос равишда 8 ва 3 фоизга сезиларли даражада камайди.
Б.МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА