Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўшариқ маҳалласи обод бўлмоқда
15:50 / 2023-11-22

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманган вилояти Норин туманининг Қўшариқ маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, ҳозирда ҳудудда кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободончилик ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино барпо этилаётир. Бунда “маҳалла еттилиги”га алоҳида хоналар ажратилган. Ушбу бинода 3000 дона китоб фондига эга кутубхона ҳам ташкил этилади.

Шунингдек, ички кўчалар шағалланиб, бир километрдан зиёд йўлда асфальтлаш ишлари бажарилмоқда. Эскирган электр таянчлар янгисига алмаштирилаётир. Тоза ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари эса якунланди.  

[gallery-14713]

Жараёнда фуқаролар хонадонларида озодалик ва саранжом-саришталикка амал қилиш, томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.  

– Томорқамизда кўчатчиликни йўлга қўйганмиз, - дейди маҳалла фуқароларидан бири Ҳусанбой Қосимов. – Бу йил лимон кўчати етиштириб, 48 миллион сўм даромад олдик. Яна 10 минг тупдан ортиқ лимон қаламчасини парваришлаяпмиз. Улар эрта баҳорда сотувга чиқарилади.  

Одилжон Ортиқов ва Соҳибахон Асқарова хонадонлари томорқасига эса тўқсонбосди экинлар экилган. Улар ҳам томорқадан мўмай даромад олиш ҳадисини олган.  

Маҳаллада ёшларни бўш вақтида касбга қизиқтириш мақсадида косибчилик фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бунда Мустақиллик кўчасида яшовчи кўп йиллик тажрибага эга косиб Отабек Жалилов “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшларни ўз устахонасига жамлаган.

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА