Бугун, 6 март куни Чехияда “Prague International Chess Festival 2026” турнирининг сўнгги 9-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Кеча поёнига етган 8-тур мусобақасида Нодирбек Абдусатторов "Masters" гуруҳида чехиялик Давид Наварани мағлубиятга учратди.
Мазкур ўйин олдидан ҳар икки шахматчи 4,5 очко жамғариб, иккинчи ва учинчи ўринларни банд этиб турган эди. Тенг курашлар остида давом этаётган баҳсда Навара қўпол хатога йўл қўйди ва бу, Нодирбекнинг ғалаба қозонишига замин яратди.

Омад келса, қўшалоқ келади деганларидек, Абдусатторовнинг ғалабаси, нидерландиялик Жорден ван Форестнинг оқ доналарда ҳиндистонлик Аравиндх Читамбарамга имкониятни бой бериши натижасида ҳамюртимиз 5,5 очко билан яна мусобақа пешқадамига айланди.

Ушбу турда Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда эронлик Парҳам Магсудлу билан муроса йўлини танлади. Очколари сонини 3,5 тага етаказган Н.Ёқуббоев 7-поғонани банд этиб турибди.
Бугун, 6 март куни ўтказиладиган 9-тур баҳсида Абдусатторов оқ доналарда америкалик Ханс Ниманн, Ёқуббоев қора доналарда германиялик Винсент Кеймер билан куч синашади. Ғолибликка даъвогар Жорден ван Форест эса қора доналарда эронлик Парҳам Магсудлудан устун келишга ҳаракат қилади.

9-тур баҳслари остонасида Н.Абдусатторов 5,5 очко билан етакчилик қилмоқда. Жорден ван Форест 5 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.
Бугун ўтказиладиган сўнгги 9-тур мусобақасида биринчи рақамли шахматчимиз рақиби билан дурангга эришса ҳам чемпионлик шоҳсупасига кўтарилади.
Т.Рўзиев, ЎзА