Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўрққанга қўша кўринадими? (+видео)
11:34 / 2025-10-08

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе мухолифатни ҳукуматни ағдаришга уринишда айблаб, энди “уларга қарши кескин курашиши”ни маълум қилди. Бу баёнот “Грузин орзуси” партияси маҳаллий сайловда ғалаба қозонгандан кейин янгради. Айнан шу куни мухолифат тарафдорлари “ҳукуматнинг зўравон сиёсати ҳамда Грузиянинг Россия таъсирига тушиб бораётгани”га қарши оммавий намойиш ўтказди.

Ўн минглаб грузиялик кўчаларга чиқиб, айримлар Президент қароргоҳи – Орбелиани саройини босиб олишга уринди. Собиқ Президент Саломе Зурабишвили бу ҳаракатни қоралади ва намойишни фақат тинч йўл билан давом эттиришга чақирди. Ўша кунлари Давлат хавфсизлик хизмати Тбилиси яқинидаги ўрмон ҳудудидан қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддалар сақланган яширин омбор аниқланганини маълум қилди. Ҳукумат фикрича, бу аслаҳалар мухолифат намойишларида “бузғунчилик ҳаракати”ни амалга ошириш учун яшириб қўйилган. 

Ваҳоланки, мухолифлар ўтган йил ноябрь ойидан бери тинч намойиш ўтказиб келмоқда. Қисқаси, вазиятни ҳукумат бундай талқин қилиши рақобатчилар томонидан “ўхшамаган” ёки эски сценарий сифатида қабул қилинди. Яъни, топилма воқеаси Кобахидзе бошлиқ расмийлар томонидан “пуфакдек шиширилган”и таъкидланди. Шундан кейин Грузия расмийлари намойишларни чет элдан молиялаштирилган амалиёт сифатида кўрсата бошлади. Бош вазир “қўллаб-қувватловчилар – чет эл агентларини бутунлай ҳаракатсизлантириш”га ваъда берди. У Европа Иттифоқи амалдорлари ва дипломатларини мамлакат ички ишига аралашиш, хусусан ҳукуматга қарши намойишни рағбатлантиришда айблади. 

Минглаб намойишчиларнинг асосий талаби нима? 

Улар Бош вазир Ираклий Кобахидзенинг истеъфоси, шунингдек мамлакат Европа томон интилиши ва Россиядан сиёсий жиҳатдан узилишини талаб қилмоқда. Акцияда иштирок этаётганларга қарши полиция махсус кучларни жалб қилган. Хизматчилар оломонни сув пурковчи ускуна ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида ҳайдашга уринган. Энг фаол беш нафар мухолиф қўлга олинган. Улар 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши хавфи бор. Энг ажабланарлиси, 50 дан зиёд маҳаллий ва халқаро ташкилот рўйхатдан ўтган бўлса-да, сайловни кузатишда асосий халқаро кузатувчилар саналган Европа Парламенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Америкадаги йирик нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари, негадир, иштирок этмаган.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6eOxglMtG7o" title="Qo‘rqqanga qo‘sha ko‘rinadimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА