Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Қоровултепа маҳалласининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Н.Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари К.Сариев, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди.

Маҳаллада аҳоли фаровонлиги ва турмуш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ҳозир ушбу маҳаллада 692 хонадонда 3186 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Бугун ушбу манзил обод гўшага айланди. Ички йўлларнинг 3,5 километр қисмига шағал тўкилди. 4.2 километр йўлга асфальт ётқизилди, 2800 м2 пиёдалар йўлаги янгидан барпо этилди ҳамда 38 та йўл ҳаракати белгилари ўрнатилди.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида эса 45 та темир- бетон таянч, 12 та трансформатор таъмирланди, 1,3 километр тармоқ тортилди. Газ таъминоти бўйича аҳолига 38 та янги газ баллони етказиб берилиб, 671 та хонадондаги газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди ҳамда табиий газ тармоғи реконструкция қилинди.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида эса 0,4 километр сув қувурлари ётқизилди. 33 нафар эҳтиёжманд оиланинг яшаш хонадонлари таъмирланди.

– Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 152 нафар фуқаронинг бандлигига кўмаклашилди, – дейди маҳалла раиси Ойбек Қудратов. – Шунингдек, 15 нафар фуқаромиз касб-ҳунарга йўналтирилган бўлса, тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз 35 нафар фуқарога 87,5 миллион сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари субсидия асосида олиб берилди. Маҳаллада ўтказилган тиббий кўрик доирасида 291 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланган бўлиб, уларнинг 14 нафарига вилоят ва туман миқёсида даволаниши учун шифохоналарга йўлланмалар берилди. 251 нафар беморга бепул дори-дармон тарқатилди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари” рўйхатидаги 30 нафар хотин-қизга жами 94,3 миллион, “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги 16 нафар ёшга эса 68 миллион сўмлик ёрдамлар берилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан бир гуруҳ фаолларга Республика идораларининг кўкрак нишонлари ва ташаккурномалари топширилди. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Охунбобоев” оилавий шифокорлик пункти мудираси С. Хўжаева “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этишда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасидаги фидокорона меҳнатлари билан соҳа ривожи йўлида кўп йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган вилоят Халқ қабулхонаси мудири Ф. Қувондиқовга “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди.
Иштирокчилар маҳалла биносида яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири