Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани тиббиёт бирлашмасига эҳтиётсизлик оқибатида йиқилиб бошидан қаттиқ жароҳат олган бемор олиб келинди. Аниқланиши бемор “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини Бобир кўчасида яшовчи 47 ёшли фуқаро Ҳ.Х пайвандловчи бўлиб ишлаган. Уста йигит иш жойида оғир жароҳатланган.
Шифокорлар консилиумидан сўнг унга бош мия очиқ жароҳати, бошнинг энса соҳасидаги эзилиш-йиртилиши натижасида мияга қон қуйилиши ташхиси қўйилган. Зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказишга қарор қилинди. Шундан кейин, бу амалиётга вилоятдан малакали жарроҳ жалб қилинди.
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалидан чақирилган малакали шифокор Саид Авезов бошчилигида туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳи Анвар Тўхтаев, реаниматологлар Пўлат Шодмонов, Замир Амонов, Умид Қосимов ва бошқа тиббиёт ходимлари иштирокида беморнинг бош чакка соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 4 соат давом этган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Ҳозирда фуқаро Ҳ.Х.нинг умумий аҳволи қониқарли. Бемор интенсив даволаниб имкон қадар тезроқ оёққа туриши учун вилоят тиббиёт марказига кўчирилган.
Аҳамиятли жиҳати, бу турдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти олис туман тиббиёт бирлашмасида бундан 5 йил олдин ўтказилган эди.
Зариф Комилов, ЎзА