Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қоровулбозор тумани: хирмон тўлиб тўкилди дон
15:01 / 2022-06-07

Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани ғаллакорлари белгиланган маррани забт этди. Белгиланган режага нисбатан минг тоннадан кўпроқ, аниқроғи, 13 минг 525 тонна ўрнига 14 минг 545 тонна хирмон барпо қилинди.

Давлат раҳбари томонидан яратиб берилган шароитлар, тизим асосида моддий ресурсларни, яъни минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материаллари ва талаб этиладиган маблағни тўлиқлигича ўз вақтида етказиб берилгани ҳамда вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ўрим комбайнлари ёрдамга юборилганлиги ғалла бўйича давлат шартномавий режани вилоятда биринчи бўлиб бажарилишида муҳим аҳамият касб этди. 

Эътиборли жиҳати, бу йилги мавсумдан ғалланинг давлат харид нархи бозор баҳосига тенглаштирилгани фермерлар моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Давлатга сотилаётган сара дондан ташқари, ҳосилнинг салмоқли қисми жамоалар ихтиёрида қолаётгани ҳам катта хирмонга ҳисса қўшаётган ҳар бир меҳнаткаш учун соф фойда деганидир. Жорий йилда “Жарқоқ”, “Навбаҳор”, “Бўзачи” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Bukhara Agro cluster” ҳамда “Ark Eco Tekstil” кластерлари тасарруфидаги 157 та фермер хўжалигида асосан “Старшина”, “Пловчанка” навлари билан бирга “Аср”, “Гром”, “Краснодарская – 99” каби истиқболли навлар синовдан ўтказилди. 

Шу кеча-кундузда эса Қоровулбозор далаларида ўрим шиддати ҳамон баланд. Ҳали ўрилмаган ғалла майдонлари ҳам анчагина. Бунинг учун олтиндай товланаётган ғаллазорда маҳаллий 9 та замонавий комбайн ва бошқа туманлардан ҳашарга етиб борган 61 та юқори унумли комбайн экипажи ва ҳосилни ташишда 80 дан ортиқ махсус техника ва механизмлар кучидан фойдаланилмоқда. Кунлик ҳосил ҳудуддаги “Қоровулбозор” ҳамда “Жарқоқ” дон қабул қилиш масканларида саранжомланмоқда. Янгича тизимга мувофиқ, жорий мавсум етиштирилган сара доннинг 21,9 фоизини, яъни қарийб 3 минг тонна буғдойни биржада эркин нархда сотиш, қолган 11 минг тоннадан ортиқ, яъни 78,1 фоизга тенг буғдойни дон корхоналарига сотиш кўзда тутилган. 

Меҳнат муваффақияти қўлга киритилган шу кунларда қоровулбозорлик ғаллакорларнинг ҳар гектардан олаётган даромади ўртача 25 миллион сўмни ташкил этмоқда. Хусусан, “Навбаҳор” МФЙ да фаолият юритаётган “Назир Дилшод”, “Истиқлол”, “Бўзачи” МФЙ да иш юритаётган “Замир Амон” , “Бўзачи”, “Навбаҳор” МФЙ дан “Ҳайдар полвон”, “Сардор Қоровулбозор” , “Жарқоқ” МФЙ дан “Умар Шариф” , “Истам Сафар замини”  каби ўнлаб фермер хўжаликларида баракали ҳосил етиштирилди.

– Бу йилги мавсумда 52 гектар ерга “Старшина” навли барака уруғини қадаб, бугунга келиб 130 тонна ўрнига 147 тонна сара дон сотиб, давлат шартнома режасини биринчилардан бўлиб бажардик, – дейди Навбаҳор маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Жумабобо” фермер хўжалиги раҳбари Розия Айназарова. – Бугун хўжалик ялпи хирмони 200 тоннадан ошди. Аммо ҳали даламизда 15 гектар ғалла ерини ўриб олиш ҳаракатидамиз. Бу дегани умумий хирмонга яна 80 тонна атрофида ғалла қўшамиз. Биргина ғаллачилик тармоғидан шу мавсумда қўлга киритаётган даромадимиз салмоғи 600 миллион сўмдан кам эмас. Бу фойдани хўжалигимиздаги ўндан ортиқ ишчимиз моддий манфаатдорлигига, қолаверса, техника паркини кенгайтиришга сарфлаймиз. Яқин ойда хўжалигимизга янги трактор сотиб олмоқчимиз. Қолаверса, ўғлимизни уйлантириб, келин тушириш тараддудидамиз. 

Ҳудудда ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда. Миришкорлар бу йил ҳар гектар ғалла ҳосилдорлигини 70 центнерга етказиш ва пировардида барпо этилаётган умумий хирмон салмоғини 18 минг тоннадан ошириш ниятида. Шу билан бирга, ўрилган ғаллазорларни сомондан тозалаш, шудгорлаш ва экин экишни бошлаш жараёнлари ҳам қизғин кечмоқда.

Асосан, ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, дуккакли, мойли, озуқа экинлари экилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА