Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда янги, демократик ислоҳотларни бошлашда энг мақбул йўл танланди ва у ҳаётда қисқа муддатда ўзини тўла оқлади, деб айтишга бугун барча асослар бор. Аввало, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгиланди.
Ушбу мезон асосида Қоровулбозор туманида ҳам ўтган 2021 йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Йил якунлари бўйича жами 392,8 миллиард сўмлик 27 та лойиҳа ишга туширилиб, 406 та янги ишчи ўрни яратилди. 2022 йилда ҳудудий инвестиция дастури асосида 436,9 миллиард сўмлик 22 та лойиҳалар ишга туширилиши ва 440 та янги иш ўрни яратилиши бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилмоқда. Туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва фаолиятини кенгайтиришда кичик саноат зоналарининг ўрни жуда муҳим ҳисобланади.
“Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси негизида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш учун Бўзачи МФЙ ҳудудидан 100 гектар ер майдони ажратилган. ЭИЗда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 80 миллион АҚШ доллари бўлган 5 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 340 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминловчи юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2022 йилда жами 6,11 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт, шундан 2,51 миллион АҚШ доллари саноат маҳсулотлари ҳисобидан ҳамда 3,6 миллион АҚШ доллари миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган. Инвестиция дастури асосида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида 2,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори» дастури жорий қилинади. Тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникада «Электрон поликлиника» ахборот тизими жорий қилинади. Аҳолини иш билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш бўйича бир қатор ишлар белгилаб олинди.
Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини «Чўлқувар» массивидан 4,5 минг гектар чўл ер майдонлари янгидан ўзлаштирилиши ва оборотга киритилиши режалаштирилган. Ушбу ер майдонларида 2022 йилнинг баҳорида 300 гектар боғ ва 155 гектар узумзор ташкил қилинади. Шунингдек, 20 гектарга сабзавот, 366 гектарга дуккакли экинлар, 200 гектар мойли экинлар, 3180 гектарга озуқа экинлари ва 179 гектарга бошқа қишлоқ хўжалиги экинлар экилади ҳамда 100 гектарга павлония кўчатлари қурилади. Шунингдек, 2022 йилда туманда мавжуд ичимлик сув тармоқлари 111,5 километрни ташкил этиб, аҳолининг ичимлик сув таъминоти билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилиши режалаштирилмоқда. 4,7 километр узунликдаги оқава сув тармоқлари ётқизилиб аҳолининг оқава сув таъминоти билан таъминланганлик даражаси яхшиланишига эришилади. Бугунги кунда туманимиз ҳудудидаги жами йўлларнинг узунлиги 243 километрни ташкил қилиб, шундан 55 километр халқаро йўллар, 35 километр маҳаллий йўлларни ҳамда 153 километр ички йўлларни ташкил қилади.
Мазкур йўлларимизнинг 80 километр қисми ёки жами ички йўлларимизнинг 33 фоизи таъмирталаб аҳволда. Туманда 2022 йил давомида 2,8 миллиард сўм маблағ эвазига 1,82 километр узунликдаги автомобиль йўллари қурилади ва реконструкция қилинади. 4,71 миллиард сўм маблағлар эвазига 17,32 километр узунликдаги автомобиль йўллари капитал ва жорий таъмирланади. 700 миллион сўм маблағлар эвазига 1 та кўприк қурилади. 1,1 миллиард сўм маблағ эвазига 4 та кўприк капитал ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Мазкур ишларни амалга ошириш натижасида туман ҳудудидаги умумфойдаланувдаги ва ички йўллар ҳолати сезиларли даражада яхшиланиши кўзда тутилган. Қоровулбозор туманида жорий йилга янги мақсадлар сари интилиб, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Акмал Остонов,
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани ҳокими