Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорли кунларни беталафот ўтказиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилди
15:04 / 2026-01-23

Пойтахтимиздаги иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2026 йил қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Шу кунларда пойтахтимизда аҳолига қулайлик яратиш ва қорли кунларни беталафот ўтказиш мақсадида 368 та бошқарув-сервис компаниялари томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, 11 минг 630 та кўп қаватли уй атрофи ва ички ҳудудлар назоратга олинган. 42 минг 246 та кириш йўлакларида тозалаш ва сирпанишга қарши тадбирлар бажарилди. Ишларга 2 минг 497 нафар ходим жалб этилган ҳамда жараёнда 435 та махсус техника ишламоқда.

Қор тозалаш ишлари кун давомида узлуксиз олиб борилмоқда. Мақсад — аҳолининг хавфсизлиги ва кундалик ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш.

Шунингдек, ишчи гуруҳ иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали уй-жой фондини қиш мавсумига тайёрлаш, истеъмолчиларга электр энергияси, табиий газ, иссиқлик энергияси ва ичимлик суви таъминотини узлуксиз етказиб беришини таъминлаш ҳамда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш бўйича ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Ноқулай об-ҳаво туфайли вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан автомобиль йўллари ва ички кўчаларга махсус техникалар ёрдамида туз-қум аралашмаси мунтазам сепилмоқда.

Гулноза Бобоева,

ЎзА