Мамлакатимиз табиати ниҳоятда бой ва хилма-хил. Айниқса, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси шунчалик ранг-барангки, дунёнинг ҳамма жойида ҳам бундай ноёб хилма хиллик учрамайди. Бугунги кунда мана шу биохилма-хилликни асраб қолиш ва келажак авлодларга бус-бутун етказиш энг муҳим вазифалардан бирига айланган десак, муболаға бўлмайди.
Шу мақсадда Навоий вилоятида Президентимизнинг 2022 йил 16 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Қизилқум чўлининг кичик бир қисмида мавжуд бўлган бетакрор табиий биохилма-хилликни сақлаб қолиш мақсадида “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди.

Учқудуқ туманида ташкил этилган “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи 1,2 миллион гектар, Томди туманида ташкил этилган “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси эса 40 минг гектар майдонни эгаллаган. Бу ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 30 дан ортиқ турдаги ноёб ҳайвонлар учрайди.

– Ушбу табиат боғи ва давлат қўриқхонаси асосида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси ташкил қилинган, – дейди “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси директори Йўлчибек Эшонов. – Натижада, мамлакат ҳудудига нисбатан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони улуши 11,2 фоизга етди. Миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси фаолияти йўлга қўйилиши натижасида Қизилқум чўлининг марказий қисмидаги табиий мажмуа ва объектлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 30 дан ортиқ турдаги ноёб ҳайвонлар, 10 дан ортиқ ўсимлик турлари муҳофаза остига олинди. Эндиликда яқин ўн йиллик даврда ҳудудда ҳайвонларнинг бош сони камида 15 фоизга ортиши, ўсимлик популяцияларининг тарқалиш ареаллари 20 фоизга кенгайишига эришилади. Қўриқхонада ўрганилаётган табиий ресурсларга тўқайзор ўрмонлар, шунингдек, қумли чўлдаги турли бир йиллик (эфемер) ва кўп йиллик (эфемероид) ўсимликлар киради.
“Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси Навоий вилоятининг Томди тумани марказидан 216 километр узоқликда, Республикамизнинг шимоли-шарқида жойлашган. Қўриқхонанинг шимолий чегаралари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегараларига тўғри келиб, тизманинг юқори кесилмасидан ўтади.

– Қўриқхона ҳудудининг асосий майдони чўл муҳити бўлиб, табиий бойликлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ниҳоятда бой ҳисобланади, – дея суҳбатимизга қўшилади қўриқхона директори ўринбосари Нодир Умиров. – Қўриқхонанинг йигирмага яқин инспектор ва илмий ходими Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш мақсадида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, бу ерда 35 га яқин ўсимлик ва 25 га яқин ҳайвон тури аниқланди. Ҳозирда қўриқхона ҳудудида дарахтлардан саксовул, чала буталардан шувоқ, печак ва шўраклар, ўтлардан янтоқ, кийик ўти, исириқ ва бошқа турдаги кўплаб ўсимликлар учрайди. Баҳор мавсумида қизғалдоқ, бойчечак, лола каби манзарали ўсимлик турлари ўсади. Судралиб юрувчилардан бўз эчкемар, тароқ бармоқли геккон, қурбақабош чўл калтакесак, ёл-йўл калтакесак, чархилон, чўл тошбақаси, сут эмизувчилардан эса жайрон, ёввойи тўнғиз, юмронқозиқ, қумсичқон, бўри, тулки, қум товушқони, ёввойи қуён каби ҳайвонлар, қушлардан лочин, тентакқуш, чўл мойқут, чўл қарғаси, тўрғай кўп учрайди. Ҳудуддаги 14 турдаги ҳайвонлар ва 11 турдаги ўсимликлар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

“Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси 10 та айланма ва 33 та кварталга ажратилган. Назорат ишларини самарали ташкил қилиш мақсадида мазкур айланма ва кварталлар 2022 йилда қўриқхонадаги мавжуд қудуқлар номига бириктирилган.

Албатта, ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши минтақамиздаги табиий мажмуаларнинг қайта тикланишига ҳамда экологик хавфсизликка бўлган таҳдидлар, яъни чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олди олинишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири