Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати томонидан амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги сўнгги янгиликлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
Дастлаб соҳа мутахассислари томонидан қўриқлаш хизмати афзалликлари, замонавий қўриқлаш сигнализация ускуналаридан фойдаланишнинг муҳим жиҳатлари, тезкор ҳаракатланиш гуруҳлари фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулклари қўриқланишини таъминлаб бориш мақсадида соҳа ходимлари томонидан кеча-кундуз давомида хизмат йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда қўриқлаш хизмати томонидан республикада жами 6 минг 278 объект ҳамда 3 минг 940 нафар фуқаронинг хонадони қўриқлаб келинмоқда.
Шу билан бир қаторда ҳудуддаги 525 та кўп қаватли уйнинг кириш эшиги олдида ташвиш тугмаларини ўрнатиш орқали 27 минг 342 нафар фуқаро хонадонининг ҳимояси қамраб олинган. Ўтган 2025 йилнинг ўзида амалга оширилган тарғибот ишлари натижасида 3 минг 462 объект ва 4 минг 73 нафар фуқаро хонадони ҳимояга олинди. Ҳозирги вақтда республиканинг барча шаҳар ва туманларида қўриқлаш хизмати техник қўриқлаш марказларининг хизмат кўрсатиши йўлга қўйилган бўлиб, уларга 29 та тезкор ҳаракатланиш гуруҳи экипажи кеча-кундуз хизмат кўрсатмоқда. Мазкур экипажлар 50 тадан ортиқ турли русумдаги автотранспорт воситаси билан таъминланган.
Хизмат кўрсатувчи тезкор ҳаракатланиш гуруҳлари нарядларининг барчаси тўлиқ қурол-яроғ ва махсус ускуналар, шунингдек, кузатув камералари яъни авторегистратор ҳамда бодикамералар билан таъминланган бўлиб, уларнинг ҳар бир ҳаракати ва хизмати мониторинг маркази диспетчерлари томонидан назорат қилиб турилади. Шу йил бошидан тезкор ҳаракатланиш гуруҳлари ходимлари томонидан қўриқланадиган объектларда 4 ўғирлик жинояти, шунингдек, кўчаларда патруллик қилиш даврида кўча ва жамоат жойларида тартибни бузган, маст ҳолатдаги жами 221 ҳуқуқбузарлик ҳолатининг олди олиниб, бу шахслар тегишли тартибда Ички ишлар бўлимларига топширилди. Шунингдек, ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда қидирувда бўлган 4 нафар шахс ушланиб, 2 та ҳолатда наркотик моддани аниқлашга эришилди.
Қўриқлаш хизматини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва уларнинг шахсий мулклари хавфсизлигини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувда қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, Президентимизнинг 2025 йилнинг 28 ноябрь куни “Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шу асосда жорий йил давомида 1 минг 80 объект, 10 минг нафар фуқаро хонадонини, 480 кўп қаватли уйнинг подъездларига қўриқлаш сигнализация воситалари ва ташвиш тугмаларини ўрнатиб, тезкор ҳаракатланиш гуруҳларига улаш белгиланган. Қўриқланадиган объектлар сонининг ортиши ҳисобига уларга хизмат кўрсатувчи, кўчаларда патруллик хизматини олиб борувчи тезкор ҳаракатланиш гуруҳи экипажлари сони 5 тага кўпайтирилиб, уларни 34 га етказишни ва шу орқали объект ва фуқаралар хонадонлари қўриқланиши ҳамда фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланишини янада ошириш мақсад қилингани қайд этилди.
Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишлар бошланиб, жорий йил бошидан 100 дан ортиқ турли кўринишдаги объект ва 200 нафарга яқин фуқаро хонадони қўриқлаш ускуналари билан таъминланиб, техник-қўриқлаш марказлари қўриқхонасига уланди.
Медиа-тур иштирокчилари фуқароларни қабул қилиш хонаси, Қўриқлаш хизмати тарихи юзасидан ташкил этилган музей экспонатлари, мониторинг маркази фаолияти билан танишишди.
Тадбир якунида соҳа билан яқиндан ҳамкорлиги учун бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакилларига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш хизматининг ташаккурномаси топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири