Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати фаолиятига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида Қўриқлаш хизмати тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳани рақамлаштириш жараёнлари, замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ишлари, интеллектуал бошқарув тизимлари ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Иштирокчиларга хизмат фаолиятининг янги модели, рақамли платформалар асосида ишлаш тизими ва интеграциялашган бошқарув механизмлари тушунтириб берилди.

Пресс-тур доирасида Қўриқлаш хизмати фаолиятининг амалий жиҳатлари ҳам намойиш этилди. Хусусан, тизимнинг замонавий техник имкониятлари, сигнал қабул қилиш жараёнлари, чақирувларни қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва тезкор жавоб қайтариш механизми амалда кўрсатиб берилди. Экипажларнинг ҳаракат алгоритми, навбатчилик хизмати, марказий бошқарув пульти билан ўзаро алоқаси ҳамда воқеаларга тезкор муносабат билдириш тартиби иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бугунги кунда Қўриқлаш хизмати ходимлари замонавий бодикамералар, планшетлар, рақамли алоқа воситалари, навигация тизимлари ва юқори сифатли махсус техник ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Ҳар бир ходим биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарлик курсларидан ўтган бўлиб, хизмат жараёнида зарур бўлган тиббий дори воситалари ва биринчи ёрдам анжомлари ҳам доимий равишда олиб юрилади. Бу эса фавқулодда ҳолатларда фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш, оғир оқибатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Рақамлаштирилган бошқарув ва мониторинг тизими орқали чақирувларга 3-5 дақиқа ичида жавоб қайтариш имконияти яратилган бўлиб, барча экипажлар доимий шай ҳолатда хизмат олиб боради. Марказлаштирилган назорат орқали экипажларнинг жойлашуви, ҳаракат йўналиши ва хизмат самарадорлиги реал вақт режимида кузатиб борилади. Бу эса хавфсизликни таъминлашда самарадорликни сезиларли даражада оширмоқда.
Қўриқлаш хизмати фуқаролар ва ташкилотлар учун оддий сигнализация датчикларидан тортиб, юқори даражадаги комплекс қўриқлаш тизимларигача бўлган кенг қамровли хизмат турларини таклиф этади. Савдо мажмуалари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда хусусий уй-жойлар учун мослаштирилган муҳофаза тизимлари жорий этилмоқда.

Шунингдек, замонавий мобил илова орқали ҳам тизимга уланиш имконияти мавжуд. “Ташвиш тугмаси” босилганда сигнал зудлик билан марказий пультга етиб боради ва автоматик тарзда энг яқин экипаж аниқланиб, қисқа вақт ичида ҳодиса жойига йўналтирилади. Бу фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда қулай, ишончли ва самарали механизм сифатида хизмат қилмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳанинг тажрибали ва малакали мутахассисларидан аниқ, асосли ва тушунарли жавоблар олди.
Тадбир иштирокчилари томонидан Қўриқлаш хизматида жорий этилаётган инновацион ечимлар, рақамли бошқарув тизимлари ва тезкор хизмат модели юксак баҳоланиб, бу ислоҳотлар жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири