Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўриқлаш фаолиятининг қонуний асослари мустаҳкамланмоқда
11:59 / 2022-04-28

Сенатнинг ялпи мажлисида «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Мазкур қонун бўйича Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов маълумот берди.

Қайд этилганидек, қонун 7 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, жисмоний шахсларнинг ҳаётини ва соғлиғини, уларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш, қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш қонуннинг асосий вазифалари ҳисобланади.  Унда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар рўйхати тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолиятини чет давлатларнинг ташкилотлари ва уларнинг хусусий қўриқлаш ташкилотлари томонидан амалга оширишга йўл қўйилмаслиги, бундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қисқа муддатли ташриф билан келган олий даражали меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ҳоллари мустасно эканлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг, ишчилариининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу лавозимларга номзод бўлганларга қўйиладиган талаблар, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, ҳарбий хизматчи  ва ходимларнинг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ҳолати билан боғлиқ нормалар назарда тутилмоқда.

Қонунда жисмоний куч ишлатиш мумкин бўлган ҳолатлар, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш шартлари, тартиби, қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик билан боғлиқ нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА