Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўриқлаш фаолиятини тартибга солишда ягона тизим жорий этилади
10:06 / 2022-01-20

Қўриқлаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, уни амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда ягона тизим жорий этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида мана шу тартибларни ўзида жамлаган «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Тегишли соҳа вакиллари, депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этган тадбирда қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир қатор таклифлар берилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда қўриқлаш фаолияти давлат органларининг «қўриқлаш бўлинмалари», идоравий ҳарбийлаштирилган «соқчилик бўлинмалари» ва идоравий «қоровуллик бўлинмалари» томонидан қонуности ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда.

Аммо қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгиловчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштирилмаган. Қолаверса, қўриқлаш фаолиятининг асосий принциплари қонун ҳужжатларида белгиланмаган эди.

Шунингдек, объект, мулк ва шахсни қўриқлаётган ходимлар томонидан давлат мажбурлов чораларини кўриш (куч ишлатиш, махсус воситалар ва қуролни қўллаш тартиби), кадрларни танлаш, тайёрлаш ва ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари қонун даражасидаги ҳужжатда белгиланмаган.

Йиғилишда қонун лойиҳасини тайёрлашда умумий ва  хусусий, давлат, идорадан ташқари қўриқлаш фаолияти ҳамда бошқаларни белгиловчи Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Украина ва бошқа кўплаб давлатларнинг қонунчилиги ўрганилгани таъкидланди.

Якунда депутатлар томонидан берилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, уларнинг муносиблари  қонун лойиҳасида ўз аксини топадиган бўлди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА