Сирдарё вилояти Сардоба туманида 2020 йилнинг 1 май куни содир бўлган фалокат, яъни сув омбори ўпирилиши натижасида туманнинг кўплаб гидротехник иншоотлари жиддий зарар кўрган эди. Хусусан, Сардоба тумани Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ариқ ва латокларвайрон бўлиб аҳолининг томорқаларини оқар сув билан таъминлаш тўхтаб қолган эди.
Жорий йилнинг 26 октябрь куни сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев Сардоба туманида сайёр қабул ўтказган вақтида Қўрғонтепа МФЙ аҳолисининг хақли мурожаатини эътиборсиз қолдирмади. Сув хўжалиги вазирининг топшириғига кўра, туман ҳудудидан оқиб ўтувчи КТВ-1а-у-1 суғориш тармоғидан Қўрғонтепа МФЙ экин майдонларини суғоришга йўналтирилган, зарар кўрган латокларни янгилашга киришилди.

Ушбу реконструкция ишлари “Кўчмас нур” МЧЖ қурувчилари томонидан олиб борилмоқда. Ҳозирги кунгача иш ҳажмининг 30 фоизи амалга оширилди. Латокларни ўрнатиш ишлари якунлангач, Қўрғонтепа МФЙда яшовчи 193 та хонадон томорқалари ва туманнинг Ғ.Ғулом худудидаги 120 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари оқар сув билан таъминланади.
– Сув хўжалиги вазири маҳалламизда сайёр қабул ўтказиб, ҳудуддаги зарарланган латокларни янгилаб беришга ваъда қилган эди.У киши сўзининг устидан чиқди. Ҳозир зарарланган латоклар янгисига алмаштирилмоқда. Маҳалламиз аҳолиси бундан жуда миннатдор, – дейди маҳалла фахрийси Тошпўлат Хўжақулов.
Шуҳрат Суяров, ЎзА