Сирдарё вилоятида ҳокимлик, Ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Маданият ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган “Қорбоболар карвони” лойиҳаси доирасида Янги йил байрами арафасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар болажонлар ўртасида байрамона кайфиятни ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лойиҳа доирасида навбатдаги тадбир Боёвут туманида ташкил этилди. Унда 50 нафар болажонга Янги йил совғалари топширилиб, байрамона маданий дастур намойиш қилинди. Тадбир давомида қувноқ куй-қўшиқлар, саҳнавий чиқишлар ҳамда эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар кўрсатилди.
Шунингдек, байрам тадбирлари туман марказидаги бош арча атрофида давом эттирилиб, унда аҳоли вакиллари, ота-оналар ҳамда болажонлар фаол иштирок этишди.

Энг муҳими, “Қорбоболар карвони” доирасида ижтимоий аҳамиятга эга тадбирлар ҳам ўтказилди. Хусусан, Боёвут тумани тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимида даволанаётган 60 нафар болажонга Янги йил муносабати билан эсдалик совғалари топширилди.

– Фарзандим Янги йилни шифохонада битта эмас, балки кўплаб Қорбоболар билан кутиб олади, деб ўйламагандим, – дейди болалар бўлимида даволанаётган боланинг онаси Малоҳат Бекмуродова. – Кичик эътибор ҳам катта қувонч улашар экан. Бу нафақат фарзандимга, балки шифохонада даволанаётган барча хастаҳол болажонларга шодлик бахш этди. Бунинг учун ташкилотчиладан чексиз миннатдорман. Энг муҳими, шифохонада бўлишимизга қарамай, Янги йилни қувонч, шодлик ва байрамона, эсда қоларли ҳамда қизиқарли тарзда кутиб олдик.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири